Жаҳон | 17:55 / 16.07.2021
10500
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда фотожурналист ҳалок бўлди — у Пулитцер мукофоти лауреати эди

Афғонистонда Reuters фотожурналисти — Пулитцер мукофоти лауреат Даниш Сиддиқий ҳалок бўлди.

© AP Photo / Rahmat Gul

Reuters агентлиги фотожурналисти, Пулитцер мукофоти лауреат Даниш Сиддиқий Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида, Спин-Болдак аҳоли яшаш пунктида рўй берган тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлди.

Қандаҳор губернатори вакилининг сўзларига кўра, ушбу журналист сўнгги кунларда вилоятдаги вазиятни ёритиб келаётганди.

Сиддиқий 2018 йилда Reuters фотохизмати таркибида Мянмадаги роҳингяларнинг қочқинлиги мавзусига бағишланган туркум суратлари учун «бадиий фотография» номинациясида Пулитцер мукофотига сазовор бўлганди.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Покистон билан чегарадаги муҳим стратегик пунктни ўз назоратига олгани ҳақида маълум қилганди. Афғонистон-Покистон чегарасидаги Спин-Болдак пункти савдо нуқтайи назаридан муҳим стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.

  • Афғонистонда ҳукумат кучлари ва «Толибон» ҳаракати вакиллари ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда, кўп вақт давомида асосан мамлакатнинг қишлоқ ҳудудларида фаолият кўрсатган толиблар, америкалик ҳарбийлар мамлакатдан олиб чиқилиши бошлангач, кенг кўламли юришлар бошлади ва кўплаб туманлар марказлари эгаллаб олинди. 
  • 2020 йилда Дональд Трамп маъмурияти «Толибон» билан 20 йилга яқин давом этган урушни якунлаш ва хорижий ҳарбийларни Афғонистондан олиб чиқиш бўйича келишув имзолади, унга кўра, толиблар мамлакат ҳудудида террорчи кучлар фаолиятига йўл қўймаслиги ва Кобулдаги расмий ҳукумат билан асирлар алмашиб, тинчлик музокараларига киришиши кўзда тутилганди.

Мавзуга оид