BBC манбаси хабар қилишича, жангарилар Ҳирот, Лашкаргоҳ ва Қандаҳор шаҳарлари атрофидаги ҳудудларга киришган.

«Толибон»нинг афғон армияси позицияларига ҳужумга ўтиши АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этишга киришиши билан бошланганди ва ўтган ҳафталар давомида кўплаб ҳудудлар толиблар назоратига ўтди.

Турли баҳоларга кўра, ҳаракат мамлакат ҳудудининг 50 фоизини назорат қилмоқда (толибларнинг ўзи эса Афғонистоннинг 80 фоизи эгалланганини айтишади), аммо улар шу вақтгача бирор йирик шаҳарни эгаллашга муваффақ бўлишмаган.

Толиблар ўтган ҳафтада мамлакат чегараларининг 90 фоизлик қисмида назорат ўрнатилганини маълум қилганди. Кобулдаги ҳукумат эса буни рад этган.

«Бу ҳеч қандай асосга эга бўлмаган иғво», деган «Франс пресс» агентлигига Афғонистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фавад Аман ва ҳукумат кучлари чегараларда назоратни сақлаб қолаётгани, асосий шаҳарлар ва уларни боғловчи йўллар ҳам расмийлар назоратида эканига ишонтирганди.

Ўз навбатида толиблар Эрон, Покистон, Туркманистон ва Тожикистон билан чегаралардаги муҳим назорат-ўтказиш пунктлари эгаллангани ҳақида маълум қилган.

Қандаҳордаги қочқинлар учун лагерларда айни вақтда 11 мингга яқин оила яшамоқда. Афғон парламенти аъзоси Гул Аҳмад Камин BBC билан суҳбатда ушбу шаҳар экстремистлар қўлига ўтиши эҳтимоли реал ҳолатга айланаётганини қайд этган.

Каминнинг сўзларига кўра, «Толибон» Қандаҳорни ўзининг вақтинчалик пойтахтига айлантиришни мўлжаллаган. Агар бу шаҳар бой берилса, Кобулдаги ҳукумат мамлакат жануби-ғарбидаги яна беш-олти вилоят устидан назоратни ҳам қўлдан чиқаради. Каминнинг қўшимча қилишича, 20 йилдан буён бу шаҳар учун ҳозиргидек шиддатли жанглар олиб борилмаганди.

Унинг сўзларига кўра, жангарилар шаҳарга бир неча томондан ҳужум қилмоқда, агар улар ҳимояни ёриб ўтишса, армия тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаслиги учун уларга қарши оғир артиллерия қўллай олмайди.

Қандаҳорда армия ва «Толибон» ўртасидаги уруш туфайли  вилоят марказига минглаб қочқинлар кириб келган

Афғонистон шимоли-ғарбидаги Ҳиротда ҳам тўқнашувлар кескин тус олмоқда. Жангарилар шаҳарга жанубдан ҳужум қилмоқда. Ҳудуднинг камида бешта нуқтасида жанглар олиб борилмоқда. АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари «Толибон» позицияларига зарбалар беришни давом эттирмоқда. Ҳукумат кучлари шаҳар аэропортини жанг билан қайтариб олишган.