Жаҳон | 09:00 / 18.07.2021
11763
2 дақиқада ўқилади

Ҳаитининг марҳум президенти рафиқаси юртига қайтди

Ҳаитининг ўлдирилган президенти Жовенел Моизнинг рафиқаси, турмуш ўртоғига уюштирилган суиқасд вақтида жароҳат олган Мартин Моиз юртига қайтди. У АҚШда даволанаётган эди.

Мартин хонимнинг Ҳаитига қайтиши ҳақида маълум қилинган. У Ҳаитидаги етакчи дипломатлар бош вазири этиб тайинланган Ариэл Анрини ҳукуматни шакллантиришга чақиришгандан бир неча соат ўтиб юртига келган.    

Мартин Моиз самолётдан тушганда бронежилетда ва қўлини ушлаб турувчи боғичда бўлган. Уни бош вазир вазифасини бажараётган Клод Жозеп ва бошқа амалдорлар кутиб олган.  

Аввалроқ Мартин Моиз эрининг 23 июлда ўтадиган дафн маросимида иштирок этмоқчилиги маълум қилинган.

Мартин хоним Ҳаитига қайтиши олдидан ўз таркибига АҚШ, Европа иттифоқи, Франция, Германия, Бразилия, Канада, Испания элчилари ҳамда БМТ ва Америка давлатлари ташкилотлари вакилларини олувчи “Асосий гуруҳ” Ариэл Анрини унга ишониб топширилган миссияни давом эттиришга ва “ўзаро келишган ҳамда баҳамжиҳат ҳукумат”ни шакллантиришга чақирган.

Анри Жовенел Моиз ўлимидан кейин бош вазир этиб тайинланганди, бироқ лавозимига киришишга улгурмаган.

Жовенел Моиз 7 июлда ўз қароргоҳида бир гуруҳ қуролланган ёлланмалар томонидан ўлдирилганди. Бу қотиллик бўйича 30га яқин гумонланувчи қўлга олинган. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Мавзуга оид