Ўзбекистон | 09:38 / 26.07.2021
1919
2 дақиқада ўқилади

Ўқишга киритишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Қўқон давлат педагогика институтининг ўқишга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Бешариқ тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро Д. Х. фуқаро М.ни юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 1 000 доллар эвазига Қўқон давлат педагогика институтининг психология факультетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, олдиндан 500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Департамент ҳамда ДХХнинг Данғара тумани бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда “B.S.” нодавлат таълим муассасаси раҳбари А. А. фуқаро Г.нинг ишончига кириб, уни Қўқон педагогика институтига 2 500 доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, олдиндан 500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида боғдорчилик учун ажратилган ер майдонини фирибгарлик йўли билан сотишга уринган фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид