Спорт | 08:54 / 29.07.2021
21508
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Жалолов чоракфиналга чиқди

Бокс бўйича +91 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Баҳодир Жалолов 29 июль куни Токио Олимпиадасидаги иштирокини бошлади.

Оғир вазн тоифасида рейтингнинг биринчи рақамли боксчиси ҳисобланган Жалолов 1/8 финалда озарбойжонлик Муҳаммад Абдуллаевга қарши жанг қилди. Жалолов жанг давомида тўлиқ устунлик намойиш этиб, иккинчи раундда рақибини нокдаун ҳолатига туширди. Якунда ҳакамлар бир овоздан ўзбекистонлик спортчининг ғалабасини қайд этди (5:0).

Энди чоракфиналда Жалоловга ҳиндистонлик Сатиш Кумар рақиблик қилади, у 1/8 финалда ямайкалик Рикардо Браун тўсиғидан ўтди.

Бунгача Бобо-Усмон Ботуров (-69 кг) ҳам чоракфинал йўлланмасини ҳал қилганди (у иштирокини нимчорак финалдан бошлаган). Шунингдек, Элнур Абдураимов (-63 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) ва Турсуной Раҳимова (-51 кг) илк жанглардан муваффақиятли ўтиб, нимчорак финалга йўл олган. Бугун Қаҳрамонов ва Раҳимова чоракфинал учун жанг қилади.

Санжар Турсунов (-91 кг) ва Шаҳноза Юнусова (-69 кг) илк рақибларига мағлуб бўлиб, турнирни 1/16 финалдаёқ тарк этганди. Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) ва Дилшод Рўзметов (-81 кг) эса 1/8 финалда ютқазди.

Мавзуга оид