Спорт | 11:02 / 29.07.2021
20064
1 дақиқада ўқилади

Турсуной Раҳимова ҳам ҳакамлар қарорига кўра ютқазди. Рақиб эса унинг қўлини кўтарди

Бокс бўйича -51 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Турсуной Раҳимова ҳам Олимпиададаги иштирокини якунлади.

Ўзбекистонлик спорт мухлислари учун Олимпия ўйинлари кашфиётларидан бири бўлган Раҳимова 1/8 финалда мазкур тоифанинг биринчи рақамли боксчиси туркиялик Наз Чақирўғлига қарши рингга кўтарилди. Биринчи раунд тўлиқ Турсунойнинг устунлигида ўтди ва ҳакамлар 4:1 ҳисобида Раҳимованинг ғалабасини қайд этди. Иккинчи раундда эса устунлик туркиялик боксчи томонида бўлди - 2:3.

Учинчи раундда ҳам Турсуной фаолроқ бўлди, аммо кутилмаганда ҳакамларнинг уч нафари ғалабани туркиялик боксчига бериб юборишди - 2:3.

Туркиялик боксчи эса ҳакамлар қарори эълон қилинганидан кейин Раҳимовага ҳурмат изҳор қилган ҳолда унинг қўлини баланд кўтарди.

1/16 финалда Турсуной польшалик Сандра Драбикни енгиб, ўзбекистонлик аёл боксчилар орасида Олимпиада ўйинида ғалаба қозонган илк спортчи бўлганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид