23:57 / 30.07.2021
7848

Арабистон денгизида япон танкерига ҳужум қилинди

Арабистон денгизида 30 июлга ўтар кечаси Mercer Street япон танкери ҳужумга учради. Бунинг оқибатида кема экипажининг 2 аъзоси ҳалок бўлган.

Фото: MarineTraffic

Танкерни бошқарувчи компания Zodiac Maritime’нинг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар Британия ва Руминия фуқаролари бўлган.

Ҳужум қароқчилар томонидан уюштирилгани тахмин қилинмоқда. Унинг қолган тафсилотлари келтирилмаган ва ҳозирда уларни аниқлаш бўйича тергов бошланган.

Айни вақтда танкер экипаж томонидан назорат қилинмоқда. У АҚШнинг ҳарбий кемаси ҳамроҳлигида хавфсиз порт томон йўл олган.

Британиянинг хавфсизлик масалаларига ихтисослашган Dryad Global компанияси порталида маълум қилинишича, танкер экипажи 27 кишидан иборат бўлган. Улар орасида Россия, Украина, Грузия, Хитой ва бошқа давлатлар фуқаролари бор.

Британия денгиз савдоси ташкилоти маълумотларига кўра, ҳужум бутунжаҳон мувофиқлаштирилган вақти (UTC) билан соат 23:40 атрофида содир этилган. Ҳужум вақтида кема Арабистон денгизида Уммон соҳилларидан 280 км узоқликда бўлган.

Исроиллик тадбиркор Оял Оферга тегишли танкер Танзаниянинг Дар-ас-Салом шаҳридан БААнинг Ал-Фужайра портига юксиз йўл олаётган бўлган. Таъкидланишича, Mercer Street Либерия байроғи остида ҳаракатланади.

Top