Ўзбекистон | 20:36 / 30.07.2021
16787
3 дақиқада ўқилади

Экоқўм тизимидаги ходимларга қўмита раисини интернетда мақташ топшириғи берилгани айтилмоқда

Экология қўмитаси раисининг Kun.uz'га берган интервьюси остида ижобий изоҳлар ёзиш топшириғи берилган скриншот тарқалди. Қўмита матбуот хизмати раҳбари бунга алоқаси йўқлигини билдирди.

28 июль куни Kun.uz сайтида Давлат экология қўмитаси раиси Алишер Мақсудов билан уюштирилган интервью эълон қилинганди.

Унда Ўзбекистоннинг экологик муаммолари ва уларнинг ечимлари ҳамда ижтимоий тармоқларда қўмита раҳбарияти фаолиятига нисбатан билдирилаётган турли танқидий муносабатлар ҳақида сўз боради.

Интервью эълон қилингач, Kun.uz'га қўмита матбуот хизмати томонидан юритиладиган гуруҳдаги ёзишмалар экани айтилган скриншот етиб келди.

Унда Telegram тармоғида “Озод Ражабов” номли аккаунтдан ёзган шахс Алишер Мақсудов билан суҳбат остида раис ва қўмита шаънига ижобий изоҳлар ёзиш топшириғини бергани ҳамда топшириқ натижасини назорат қилиб боргани кўринади.

“Барчани ишга солинг”, “Раис билан суҳбат тагидаги комментларни ижобийлари билан тўлдириш жоиз”, “Ютубга ҳам”, “Босинглар энди тез”, дея ёзади аккаунт эгаси.

YouTube'даги видео остида қолдирилган қатор изоҳлардан келиб чиқиб, бу топшириқ бажарилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди. Изоҳларда Алишер Мақсудовнинг шаъни, ишлаш услуби, экология учун жонкуярлиги борасида кўплаб мақтовлар ёзиб қолдирилган.

Бошқа бир скриншотда топшириқни бажарган шахс экани айтилаётган аккаунт эгаси “Ассалому алайкум, маълумот ўрнида”, дея ўзининг шу каби изоҳларининг скриншотини ташлаб берганини кўриш мумкин.

Скриншотларда раисни мақташ топшириғини берган аккаунт “Озод Ражабов” дея номланган бўлиб, бу – Экоқўмитанинг айни пайтдаги матбуот котибининг исм-фамилиясига мос тушади. Матбуот котиби Kun.uz билан суҳбатда бундай топшириқ бермаганини билдирди.

“Раисимизнинг интервьюси остида ижобий изоҳлар ёзиш бўйича ҳеч кимга ҳеч қандай топшириқ бермаганман. Блогерлар бу гапларни қаердан олиб, қаердан чиқараётганини билмайман. Мен сафарда юрибман. Тошкентга боргач, ҳаммасини гаплашамиз.

Менинг рақамим ҳамма учун очиқ, балки кимдир Озод Ражабов деган исм билан қилаётгандир бу ишларни. Бу мен учун ҳам қизиқ иш, балки душманлик қиламан деган одам ишхонамиздадир ва у менинг компьютеримга киргандир”, – дейди қўмита матбуот хизмати раҳбари Озод Ражабов.

Эслатиб ўтамиз, Экология қўмитасининг матбуот хизмати шу йил февралида ҳам жамоатчилик диққат марказига тушган, ўшанда қўмита матбуот хизматини бошқариб келган Бунёд Абдуллаев “юқоридан” берилган норасмий топшириқни бажаришдан бош тортгани сабабли босим остида ишдан бўшашга мажбур бўлганини айтганди.

Илёс Сафаров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид