Иқтисодиёт | 16:36 / 30.07.2021
115281
2 дақиқада ўқилади

Пенсия ва нафақалар миқдори оширилиши маълум қилинди

Сентябр ойида пенсия ва нафақалар миқдори 10 фоизга оширилади.

Пенсия жамғармаси ижрочи директори Абдулазиз Ҳайдаров Kun.uz мухбирига берган интервьюсида сентябр ойида пенсиялар миқдори оширилишини маълум қилди.

«Жорий йилнинг сентябр ойида пенсия миқдорларини ўртача 10 фоизга ошириш назарда тутилган. 2020 йилда пенсионерларимизнинг пенсия миқдорлари бир марта 10 фоизга, иккинчи марта 7 фоизга оширилган эди», деди у.

Жамғарма раҳбари шунингдек, пенсия тизимида кутилаётган бир нечта янгиликлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Қайд этилишича, 2021 йил охирига қадар нафақанинг 7та турини давлат хизматлари марказлари орқали тайинлаш механизмлари жорий этилади. Бунда фуқароларга масофадан туриб - онлайн хизмат кўрсатилади.

«Бугунгача фуқаролар Пенсия бўлими орқали нафақага чиқишарди. Кўпинча ҳужжатлар топилмасдан оворагарчиликлар бўлиб, тегишли ҳужжатларни таъминлаб беролмаслик ҳолатлари ҳам учраган. Эндиликда давлат хизматларига мурожаат этиш орқали электрон тарзда нафақага чиқиш таъминланади.

Олдимизга қўйилган улкан мақсадлардан бири – пенсия тизимини 2030 йилгача ислоҳ қилиш бўйича концепция ишлаб чиқяпмиз. Яқин келажакда уни халққа ҳавола этамиз. Ҳужжатдаги муҳим янгилик уч поғонали пенсия тизимига ўтиш тизимининг жорий этилиши бўлади», деди Абдулазиз Ҳайдаров.

Аввалроқ, президент фармони билан 2021 йил 1 июлдан бошлаб минимал пенсия ва нафақалар миқдори оширилиши хабар қилинганди. Хусусан, ҳужжатда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилиши, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 минг сўмдан 400 минг сўмга етказилиши белгиланган.

Мавзуга оид