22:10 / 30.07.2021
8767

“ЙПХ ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан муносабатлари талаб даражасида эмас” — Қутбиддин Бурҳонов

“Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳам талаб даражасида эмас. Айрим ходимларнинг эса билим савияси ва ҳуқуқий маданияти бугунги кун талабларига жавоб бермайди”, – деди Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов 30 июль кунги ялпи мажлисда.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Бурҳоновнинг айтишича, фуқароларнинг ЙПХ ходимларидан норозилиги ортиб бормоқда.

“Энг ташвишлиси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг айрим ходимлари қонун талабларини ҳам писанд қилмайди.

Оқибатда, фуқароларнинг жиддий эътирозлари кун сайин ортиб, ижтимоий тармоқлар орқали ўз норозиликларини баён этишмоқда. Натижада ҳалол, сидқидилдан хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати ходимларига нисбатан ҳам фуқароларимизда салбий фикрлар туғилишига замин яратмоқда”, – дея сенаторнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ялпи мажлисда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ахборот берди.
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенаторнинг таъкидлашича, Олий Мажлис юқори палатасига аҳолидан келаётган ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ мурожаатларнинг аксарияти ходимларнинг, айниқса, ЙПХ ходимларининг тарбиясизларча, йўл ҳаракати қатнашчилари билан қўпол муомалада бўлаётганликларидан норозиликлари ҳақидадир.

“Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 29 майдаги “Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ–4343-сон қарорида 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар органларининг йўл-патруль хизматларининг сержантлар таркиби лавозимлари ушбу бўлинмаларнинг олий маълумотга эга бўлмаган амалдаги ходимларининг ўрнига 2021 йил 1 декабргача босқичма-босқич тайинлашни назарда тутган ҳолда фақат олий маълумотга эга ёки сиртқи шаклда ўқиётган шахслар билан жамланиши белгиланган”, дейди Қутбиддин Бурҳонов.

Top