Спорт | 09:59 / 01.08.2021
20861
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Жалолов яримфиналга чиқди ва олимпиада медалини нақд қилди

Ўзбекистон делегацияси Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бокс дастурида дастлабки медални нақд қилиб қўйди.

Ўзбекистон делегацияси байроқдори, бокс жамоасининг энг оғир вазнли вакили (+91 кг) Баҳодир Жалолов чоракфиналдаги иштирокини ўтказди. Ҳиндистонлик Сатиш Кумарга қарши кечган жангда Жалолов яққол устунлик билан ғалаба қозониб (5:0), яримфиналга йўл олди.

Бокс беллашувларида яримфиналда имкониятни бой берган спортчи ҳам бронза медали билан тақдирланади. Шу туфайли, Жалолов камида бронза медалини нақд қилди.

Энди у 4 август куни финал йўлланмаси учун буюк британиялик Фрейзер Кларк (у чоракфиналда франциялик Мурод Алиевни мағлуб этди) билан жанг қилади.

Ўзбекистон бокс жамоасининг яна уч вакили турнирдаги иштирокини давом эттирмоқда. Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ҳамда Элнур Абдураимов (-63 кг) нимчоракфинал жангларида ғалаба қозониб, чоракфиналга чиқишган. 3 август куни Зоиров филиппинлик Карло Пааламга қарши, Абдураимов арманистонлик Ҳованнес Бачковга қарши рингга чиқади. Шунингдек, -60 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Райҳона Қодирова ҳам шу куни чоракфинал доирасида бразилиялик Беатрис Феррейра билан жанг қилади.

Мавзуга оид