Ўзбекистон | 11:22 / 02.08.2021
39606
2 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг яна бир туманига ИИВ вакили ҳоким бўлди

Ички ишлар вазирлиги Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Азизхон Умархонов Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокимлигига тайинланди.

Бугун, 2 август куни Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. 

Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Олмазор тумани ҳокими лавозимига Азизхон Шарипхонович Умархонов номзодини Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши сессиясида тасдиқлаш учун тавсия этди.

Депутатлар регламентга мувофиқ, Олмазор туман ҳокими лавозимига Азизхон Умархоновнинг номзодини бир овоздан маъқуллади.

А.Умархонов 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясини тамомлаган ва шу йиллар давомида тизимда фаолият юритган. 

2020 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи (Республика ППХ раҳбари) лавозимида ишлаб келаётганди.

Олмазор туманининг аввалги ҳокими Абдумажид Муллажонов ҳам ички ишлар органларидан чиққан раҳбар эди, у шу йилнинг июнь ойи ўрталарида ўз уйида ўткир юрак миокард инфарктидан вафот этди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманига ҳам ИИВ вакили ҳоким этиб тайинланган - шу йилнинг июнида туманга раҳбарлик қилишни бошлаган Шавкат Мавлонов муқаддам Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаганди.

Мавзуга оид