Спорт | 15:44 / 04.08.2021
18271
3 дақиқада ўқилади

Токио-2020. Ўзбекистонлик икки курашчи бронза учун курашади

Бугунги баҳсларда юришини эрта тугатган эркин курашчилар Ғуломжон Абдуллаев (-57 кг) ва Жавраил Шапиев (-86 кг) эртага бронза медали учун курашни давом эттирадиган бўлишди.

Токио Олимпиадасининг 4 август кунги баҳсларида Ўзбекистон эркин курашчилар жамоасининг икки вакили ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

-86 кг вазн тоифаси вакили Жавраил Шапиевга қуръа илк босқичдаёқ жиддий рақибни рўбару қилди. У биринчи даврадаёқ ушбу вазннинг асосий фаворити, Рио-2016 Олимпиадаси ва икки карра жаҳон чемпиони ҳисобланган эронлик Ҳасан Яздонийга қарши гиламга чиқди.

Беллашувда Яздоний ҳар томонлама кучлироқ эканини кўрсатиб (11:2), кейинги даврага йўл олди. У чоракфиналда швейцариялик Стефан Райхмутни 12:1 ҳисобида таслим этди, яримфиналда россиялик Артур Наифоновни 7:1 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўл олди.

Шу туфайли Шапиевда бронза медали учун курашиш имконияти пайдо бўлди. Энди 5 август куни Жавраил Шапиев бронза учун ўтиш баҳсида Яздонийнинг чоракфиналдаги рақиби Стефан Райхмутга қарши гиламга чиқади. Ғалаба қозонган спортчи бронза медали учун Артур Наифонов билан беллашади.

-57 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Ғуломжон Абдуллаев дастлабки даврада хитойлик полвонни мағлуб этди.

Мингҳу Лиуга қарши кечган курашда Абдуллаев 10:2 ҳисоби билан ғалабага эришди ва чоракфиналга чиқди. Бу босқичда унга икки карра жаҳон чемпиони, Россия Олимпия қўмитаси вакили Заур Угуев рақиблик қилди. Абдуллаев бу баҳсда дастлаб ортда қолаётганди, аммо кейинчалик устунликни ўз томонига оғдирди, аммо сўнгги сонияларда рақиб 2 очко ишлаб, ҳисобни тенглаштирди (6:6).

Эркин кураш қоидаларига кўра, дуранг қайд этилса, сўнгги бўлиб очко қўлга киритган спортчига ғалаба берилади. Айнан шу сабаб Ғуломжон чоракфиналда мағлубиятга учради.

Угуев эса яримфиналда эронлик Ризо Атринағарчини мағлуб этиб финалга чиқди ва Абдуллаевга бронза учун курашиш имкониятини тақдим этди. 

Энди эртага Ғуломжон Абдуллаев бронза учун ўтиш баҳсида америкалик Томас Патрик Гилманга қарши гиламга чиқади. Ғалаба қозонган спортчи бронза медали учун эронлик Ризо Атринағарчи билан беллашади.

-57 кг: Ғуломжон Абдуллаев / Томас Гилман (АҚШ) – Ризо Атри (Эрон)
-86 кг: Жавраил Шапиев / Стефан Рейхмуц (Швейцария) – Артур Найфонов (РОҚ)

Шунингдек, эртага -74 кг вазн тоифасида яна бир вакилимиз Бекзод Абдураҳмонов ҳам ўз иштирокини бошлайди. Унга биринчи даврада Пуэрто-Рико вакили Франклин Гомес рақиблик қилади.

Мавзуга оид