10:39 / 08.08.2021
16272

“Банкротлик ёқасидамиз” — чекловлар умумий овқатланиш соҳасини ҳолдан тойдирди

“Ишлашда давом этсакмикин ёки ёпиб юборсакмикин, билмай ўтирибмиз. Захираларимиз тугаб, қарзга кириб боряпмиз. Чекловлар олиб ташланмаса, бу сектор ортиқ яшай олмайди. Ишчиларимиз Россияга кетмоқчи...”

Ўзбекистонда кафе ва ресторанларнинг кечки соат 20:00дан кейин ишлашига тақиқ сақланиб қолмоқда. 40 кун олдин жорий этилган чеклов мазкур сектордаги тадбиркорларни оғир аҳволга солиб қўймоқда. Устига-устак, ёпиқ биноларда ишлаш ҳам тақиқланди.

Орада депутатлар ходимларини етарли миқдорда эмлаган кафе ва ресторанларга нисбатан карантин талабларини юмшатишни таклиф қилди, Коронавирусга қарши курашиш штаби ҳам шунга ўхшаш янгилик кутилаётганини билдирди.

Бироқ бу таклифлар республика Махсус комиссияси томонидан ҳозирча инобатга олинмаяпти.

Куни кеча Kun.uz'га мурожаат қилган умумий овқатланиш сектори вакиллари вақт ўтгани сайин уларнинг иқтисодий ҳолати ёмонлашаётганини маълум қилди.

Уларнинг айтишича, чекловлар олиб ташланмаса, умумий овқатланиш соҳасига ўнглаш қийин бўлган зарар етади. Ҳозирда соҳадаги кўплаб ишчи-ходимларга ишсиз қолиш эҳтимоли хавф солмоқда.

“Caвдо 80 фоизга тушиб кетган”

Санжар Мақсудов, тадбиркор, Ўзбекистон рестораторлар гильдияси раҳбари:

— Иккита рестораним ва битта кафем бор, бундан ташқари ишлаб чиқариш корхонасига ҳам эгалик қиламан. Бизда жами 200га яқин ходим ишлайди.

Карантин чекловлари умумий овқатланиш соҳасига жуда ёмон таъсир қиляпти. Жуда кўп кафе ва ресторанлар ё ёпилган, ёки қисқарган режимда ишлаяпти. Савдо 80 фоизга тушиб кетган. Бироқ ижара ва бошқа тўловлар камайгани йўқ. Тўловларни тўлаш жуда оғир бўляпти.

Ишчиларни ё ушлаб туриш, ё бўлмаса қўйиб юбориш керак. Бизнинг соҳада жуда кўп одам ишлайди. Даромадимизнинг 40 фоизи ойликка кетади.

Тошкентнинг ўзида 100 мингдан ортиқ, республика бўйича эса 2 млнга яқин одам бевосита умумий овқатланиш тармоғи ва унга алоқадор соҳаларда ишлайди. Уларга иш ўргатишимиз учун вақт кетган, энди уларни қўйиб юбориш ҳам, ҳозирги ҳолатини кўриш ҳам биз учун оғир.

Ресторанларимизнинг бирида савдо 80 фоизга тушган, иккинчисини эса умуман ёпдик, чунки у ерда ёзги очиқ саҳни йўқ.

Ишчилар кунлик иш ҳақи олишади. Ходимларимиз ҳар куни ёрдам сўраб келишади: кимнингдир яқини, отаси, онаси касал бўлиб қолган, лекин биз пул бера олмаяпмиз. Чунки пулнинг ўзи йўқ.

“Ишлашда давом этсакмикин ё йўқми, билмай ўтирибмиз”

Фурқат Акбаров, тадбиркор:

— Ташқарида ҳаво ҳарорати жуда юқори. Бундай иссиқда ҳеч ким очиқ ҳавода кундуз куни овқатланмайди. Ҳамма кечқурун ишдан уйга келади. Уйига кириб, ювиниб, кийимларини алмаштириб, 20:00 гача кўчага чиқишга ҳеч ким улгурмайди.

Энди кеч тушиб, одамлар кўчага чиқа бошлаганда, кафе ва ресторанлар ёпилишни бошлайди.

Ваҳоланки, ижара тўловлари, коммунал харажатлар, солиқлар, маошлар – ҳаммаси ўша-ўша турибди. Ходимларни маош тўланмайдиган таътилга чиқаришга мажбур бўляпмиз, чунки маошларга пул етмаяпти, савдо ҳақиқатан тушиб кетган.

Ходимларни эмлайлик, дейишганди, лекин амалга ошгани йўқ. Бу чекловлар яна қанча вақт сақланиб қолиши номаълум. Ишлашда давом этсакмикин ё йўқми, билмай ўтирибмиз. Келгусида бу бизнес билан шуғулланишимизга ҳам ишончимиз комил эмас.

Арендаторлар ижара тўловини тўхтатиб туришгани йўқ, улар тўлашимизни сўрашяпти. Ўрнимизни бошқа тадбиркорларга беришга тайёр туришибди. Банкротлик ёқасида турибмиз, кўплар ёпилиб ҳам кетди.

“Чекловлар олиб ташланмаса, бу сектор ортиқ яшай олмайди”

Бекжон Аҳроров, тадбиркор:

— Арендаторларнинг ҳам айримларида кредит бор, уларнинг ҳам харажатлари, бола-чақаси бор. Бизнинг фойдамиз эса 80-90 фоизга тушиб кетган.

Қўл остимда 70га яқин ходим ишлайди. Шундан 80 фоизининг иш графигини қисқартирдик: аввал ҳафтасига 5-6 кун ишлаган бўлса, ҳозир 1 кун ишлаяпти. Ҳайдай десак, ундай қилолмаймиз ҳам, тўлиқ иш билан ҳам таъминлолмаймиз: ойлик тўлашга маблағ йўқ.

“Захирамиз тугади, энди қарзга кира бошлаяпмиз”

Санжар Мақсудов:

— Чекловлар олиб ташланмаса бу соҳа ортиқ яшай олмайди. Ҳамма захиралар тугади. Секин қарзга кириб боряпмиз.

Ҳали қачон бу қарзларни тўлаймиз, билмадим. Ўтган карантиндан зўрға чиқиб олганмиз. Энди ўзимизни эплай бошлаганимизда, яна чекловлар ўрнатилиб, яна ўша ҳолатга қайтяпмиз.

Шундай қилсак рухсат беришлари мумкинлигини эшитиб, ўзим ҳам эмландим, барча ходимларимиз ҳам вакцина олди.

“Кафеда вирус юқишининг олдини олиш осон”

Санжар Мақсудов:

— Вирус юқишининг олдини олиш кафе ва ресторанларда осон. 90 фоиздан ортиқ ишчимиз эмланган. Эшикдан ким кирса, температураси ўлчанади, антисептик воситалари билан таъминланади. Ҳамма ниқоб билан юриши таъминланади.

Шунингдек, ресторанлар ичида ижтимоий масофа сақлашни назоратга олиш осон. Столлар бир-биридан 2 метр масофада жойлаштирилади.

Лекин транспорт ва бозорларда ижтимоий масофа сақлашнинг иложи йўқ. Aммо улар ёпилаётгани йўқ. Бизда ҳамма жойда камера бор. Биз карантинга риоя қилинишини тўлиқ назорат қила оламиз.

“Бу галги карантинда давлат томонидан ҳеч қандай имтиёзлар берилгани йўқ”

Фурқат Акбаров:

— Шундай оғир ҳолатда ишлашимизга қарамай, давлат томонидан ҳеч қандай имтиёзлар берилаётгани йўқ. Тушум кескин пасайиб кетган, лекин солиқлар ўша-ўшалигича қолмоқда. Чекловлар шу тахлит давом этадиган бўлса, яна озгина вақтдан кейин тўловларни тўлай олмаймиз.

Уларга эса фарқи йўқ. Ишлаяпсанми, ишлаяпсан. Лекин асосий даромад келадиган вақтда ёпиламиз.

Етказиб бериш хизматидан кўп тушум бўлмайди. Етказиб беришдан тушадиган даромаднинг ҳам катта қисмини логистика фирмалари олади.

“Ишчиларимиз Россияга кетмоқчи”

Санжар Мақсудов:

— Умумий овқатланиш тармоғида ишлайдиган кўплаб ишчилар Россияга кетиб қолишяпти. Уларни ушлаб қола олмаймиз. Aгар улар кетишадиган бўлса, қайтиб йиға олмаймиз. Бунга жуда кўп вақт ва маблағ керак.

Бошқа давлатларда бу тармоқ ишлаяпти. Ишчилар шунинг учун кетишга ҳаракат қилишади. Чунки уларга ҳам пул керак. Оиласини боқиши керак. Биз иш ҳақи тўлай олмасак ёки ишдан бўшатсак, кейин қайтариб олиб кела олмаймиз. Бу эса янада жиддий масалага айланади.

“Ишлашга имкон беринг”

— Ҳукуматдан, Махсус комиссиядан илтимос қилиб қоламиз. Бизга яшашга ва ишлашга имкон беринг. Чунки умумий овқатланиш тармоғи ўляпти. Бу соҳа жарликка қулаяпти. Кўплари ишини тўхтатди ҳам.

Барча карантин қоидаларига амал қиламиз. Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш учун барча шароитларни яратамиз. Карантин қоидаларига қаттиқ риоя қиламиз. Фақат бу соҳа яшаб қолишига ёрдам беришса бас.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Aбдуқодир Тўлқинов

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top