Ўзбекистон | 22:14 / 09.08.2021
21152
3 дақиқада ўқилади

Асосий эътибор – ҳали умуман эмланмаганларга. Нурмат Отабеков баёноти

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасининг 2- ва 3-дозалари билан эмлаш 1 ҳафтага тўхтатилгани юзасидан аудиобаёнот билан чиқди.

“Дунё амалиётида вакцина самарадорлиги 50 фоиздан юқори деб баҳоланса, демак, бу вакцина самарадор деб ҳисобланади. Биз аҳолини Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган вакцина билан эмлаш баробарида фақат 1-эмлашнинг якунида 50 фоиздан юқори самарадорликка эришяпмиз.

Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эътироф этяптики, вакциналар таъминотида узилишлар бўлса, у ҳолда эмлашлар оралиғидаги интервални бирмунча кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Белгиланган муддатдан яна 12 ҳафтага узайтирилиши мумкин. Бу дегани 3 ой давомида [дозалар орасида] интервал сақлаш мумкин.

Айнан Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган вакциналар билан эмлаш тадбирларининг таҳлили шуни кўрсатдики, 2-марта эмланиши керак бўлган аҳолининг 50 фоизи, 3-марта эмланиши керак бўлган аҳолининг 70 фоизи, минг афсуски, эмлаш тадбирларида келмаган.

Бундан кўриниб турибдики, агар уларнинг 2- ва 3-дозаларни олиш учун келишларини кутиб ўтирадиган бўлсак, вақтдан ютқазамиз. Шу боис ҳам аҳолининг катта бир қисмида қисман бўлса ҳам иммунитет шакллантириш учун, олиб келинган вакциналарни биринчи навбатда аҳолини 1-доза билан эмлашга ишлатишни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Негаки, биз 1-марта эмлаш орқали касалликка қарши қисман иммунитет шакллантиришимиз, қолаверса, касаллик юққан тақдирда ҳам у оғир асоратлар билан кечишининг олдини олишимиз мумкин бўлади.

Ҳурматли юртдошлар, ҳозир дунё ҳамжамиятида вакциналарга эҳтиёж кескин ортиб боряпти, аҳолининг вакциналарга бўлган ишончи ортяпти. Қолаверса, ҳозир дунёда 4,5 миллиардга яқин вакцина ишлатилди. Ҳозир Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти гибрид вакциналар ҳақида ҳам қайғуряпти.

Бу нима дегани? Агар биз бирор-бир вакцина билан эмлашни бошласак, бошқа вакцина билан якунлаш ҳақида ҳам бош қотиришяпти. Қолаверса, мабодо шундай ҳолатларга эҳтиёж бўладиган бўлса, у ҳолда вакциналар кетма-кетлиги ҳақида ҳам ўйлаб кўришяпти.

Ўйлайманки, вакциналар таъминотида ҳеч қанақа муаммолар бўлмайди; биз фақат вакциналарни имкон қадар кўпроқ аҳолини қамраб олиш мақсадида 1-марта эмланаётганларга ишлатяпмиз”, – дейди Нурмат Отабеков Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Telegram-каналида эълон қилинган аудиоизоҳида.

Мавзуга оид