Иқтисодиёт | 16:21 / 09.08.2021
17706
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси 1 млрд долларга кўпайди

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1 август ҳолатига кўра, 35,1 млрд долларни ташкил этмоқда. Ўтган ойнинг шу даврида захиралар 34,1 млрд доллар эди.

Марказий банк июль ойи якунлари бўйича Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

Июль ойи якунларига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари қолдиғи 1 млрд доллардан зиёдга кўпайиб, 35,1 млрд долларни ташкил этди. 1 июлда захиралар 34,1 млрд долларни ташкил этган.

Бунда олтин миқдори 1,3 млрд долларга ошиб, 21,5 млрд долларга етган.

Захиралардаги олтиннинг соф физик ҳажми 300 минг троя унциясига ёки 9,3 тоннага кўпайган. Август ойининг бошида Ўзбекистон 11,8 млн троя унцияси ёки қарийб 367 тонна олтин захираларини жамлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 июнь ҳолатига, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 35,5 миллиард долларни ташкил этганди. Бу расмий захираларнинг илк марта 35 млрд доллардан ошиши бўлди. Бунга сабаб сифатида жаҳон бозорида олтин нархларининг тиклана бошлаши кўрсатилганди.

Мавзуга оид