Ўзбекистон Марказий банки истеъмолчиларнинг банкоматлар билан боғлиқ муаммолари юзасидан бозор иштирокчиларига хат юборди.

15 май куни имзоланган хат регулятор расмий сайтига жойланган.

Банк картасидан маблағлар ечиб олиниши, лекин нақд пул берилмаслиги, узоқ кечикиш билан қайтарилиши ёки муваффақиятсиз амалиёт бўйича хизмат ҳақи ушлаб қолиниши каби ҳолатлар – иккинчи даражали техник ҳодиса сифатида эмас, балки истеъмолчиларнинг мулкий манфаатларига бевосита таъсир кўрсатадиган масала сифатида кўриб чиқилиши шарт”, – дейилади ҳужжатда.

Карта банкоматда қолиб кетгани юзасидан мижознинг мурожаатлари ҳолати ҳақида уни ўз вақтида хабардор қилмаслик ҳамда мазкур масала бўйича банк, тўлов ташкилоти ва жараённинг бошқа иштирокчилари ўртасида масъулиятни биридан бошқасига ўтказиб юбориш каби ҳолатларни Марказий банк карта эгаларига нисбатан адолатсиз муносабат деб атади.

Расмий хатда тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторларига банкоматлар билан боғлиқ иш сифатини ошириш бўйича қуйидаги кўрсатма ва тавсиялар берилган:

  • банкомат билан боғлиқ муаммо юз берганда мижознинг ҳаракатлар кетма-кетлиги бўйича тушунарли маълумот эълон қилиш;
  • хизмат ҳақлари (комиссия) ҳақида амалиётдан олдин шаффоф маълумот бериш ва хавфсиз фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;
  • нақд пул берилмаслиги ёки картани ушлаб қолиш каби ҳолатларни мижознинг мулкий манфаатига дахлдор устувор мурожаат деб белгилаш, мурожаат қабул қилинганда унинг идентификацион рақами ва кўриб чиқиш муддатини тасдиқловчи тасдиқнома тақдим этиш;
  • агар муаммони ички манбалар (журналлар, видео, инкассация далолатномаси ва ҳ.к.) орқали тасдиқлаш мумкин бўлса, мижозни банк офисига такроран чақирмаслик ҳамда муаммони ҳал қилишда турли бўлинмалар ёки ташкилотлар ўртасида сарсон қилмаслик;
  • мижоз мурожаат қилган алоқа каналидан (колл-марказ, мобил илова, сайт ёки филиал) қатъи назар, юзага келган ҳодиса бўйича сифати ва мазмуни бир хил бўлган аниқ ва тушунарли маълумот олишини таъминлаш;