Жаҳон | 14:47 / 12.08.2021
20004
2 дақиқада ўқилади

Эронда Россия ва Британия элчиларининг биргаликда тушган сурати норозиликларга сабаб бўлди

Фото СССР, АҚШ ва Буюк Британия етакчилари Иосиф Сталин, Франклин Рузвелт ва Уинстон Черчиллнинг 1943 йилда Теҳрон конференциясида тушган тарихий суратини такрорлаганди.

Россиянинг Эрондаги элчиси Леван Жагарян ва Буюк Британия элчиси Саймон Шерклиффнинг 11 август куни чоп этилган биргаликда тушган сурати Эрон сиёсатчилари ва расмий шахсларининг норозилигига сабаб бўлди.

Фото СССР, АҚШ ва Буюк Британия етакчилари Иосиф Сталин, Франклин Рузвелт ва Уинстон Черчиллнинг 1943 йилда Теҳрон конференциясида тушган тарихий суратини такрорлаганди. Суратда Рузвелтнинг курсиси бўш қолган.

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф Twitter саҳифасида ушбу фотосуратни номақбул деб атади.

«Эрон халқи ўз тақдири ҳеч қачон хориж элчихоналари ёки хорижий давлатлар қарорига боғлиқ эмаслигини кўрсатган», — деб ёзди Зариф.

Мамлакат парламенти раиси Муҳаммадбоқир Қолибоф ҳар икки элчини узр сўрашга чақириб, акс ҳолда Эрон дипломатик ҳаракатларни амалга оширишини айтди.

Қайд этилишича, фотосурат эронликларга мамлакат суверенитети уч мамлакат томонидан бузилган Иккинчи жаҳон уруши даврини эслатади. Эроннинг расмий ҳукмдори шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий Теҳрондаги учлик учрашуви ҳақида на хабардор қилинган, на таклиф этилган.

СССР ва Буюк Британия Эронга 1941 йил сентябрда бостириб кирганди. Оккупация 1946 йилгача давом этган.

«Ушбу фотосуратдан ягона мақсад — Иккинчи жаҳон уруши вақтида иттифоқчи мамлакатларнинг нацизмга қарши курашдаги ҳаракатларига ҳурмат бажо келтириш. Эрон бизнинг дўстимиз ва қўшнимиз, биз ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни мустаҳкамлашда давом этамиз», — деб изоҳ берди Россия элчихонаси ўз Twitter саҳифасида. Буюк Британия элчиси Шерклифф бу изоҳни қайта твит қилди.

Элчихонанинг қўшимча қилишича, фотосурат орқали дўст Эрон халқини ҳақоратлаш мақсади бўлмаган.

Мавзуга оид