16:10 / 24.08.2021
7992
Реклама

Huawei: Саноат тармоқларини рақамлаштириш

Рақамли саноатлаштириш бугунги кунга келиб давлатлар иқтисодиётининг ривожланишидаги асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланди. 2019 йилда саноатни рақамлаштириш жаҳон рақамли иқтисодиётининг 84,3 фоизини ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 35 фоизини ташкил этди. Ривожланган мамлакатларда саноатни рақамлаштириш рақамли иқтисодиётнинг 86,3 фоизини ташкил қилди. Ривожланаётган мамлакатларда бу улуш 78,6 фоизни ташкил этди. Ривожланган давлатлар алоқа ва дастурий таъминот соҳасидаги энг кучли вакиллар бўлиб, улар электрон тижорат ва илғор ишлаб чиқариш билан шуғулланишни энг биринчилардан бўлиб бошлаб берган мамлакатлар қаторига киради.

Рақамли индустриализация тармоқлар бўйича тақсимланиши ва бирламчи, иккиламчи ва учламчи тоифаларга ажратилиши мумкин. Фаолият турига кўра биз уларни қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ажратишимиз мумкин. Дунёда, хизмат кўрсатиш соҳасида рақамли трансформация бошқа икки секторга қараганда тезроқ суръатларда рўй бермоқда (қуйидаги расмга қаранг).

Иқтисодиёт тармоқларидаги рақамли трансформацияси

Бу, асосан, ҳар бир секторнинг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ. Хизмат кўрсатиш соҳасида рақамли трансформация ишлаб чиқаришга қараганда осонроқ амалга оширилади, чунки хизмат кўрсатиш соҳасида доимий харажатлар камроқ, транзакция харажатлари эса юқори. Қишлоқ хўжалигида рақамли трансформацияни амалга оширишда тўсиқлар кўпроқ бўлади, чунки бу соҳадаги ишлаб чиқариш катта даражада атроф-муҳит ва табиий омилларнинг таъсирига боғлиқ.

Ривожланган мамлакатларда кўпинча рақамлаштириш ва ўсиш кўрсаткичлари ҳар учала секторда ҳам деярли бир хил мувозанатда ортиб боради. Улар одатда янгиликларни биринчилардан бўлиб жорий этиш борасида устунликка эга бўладилар ва уларда саноатни рақамлаштириш учун мустаҳкам асос бор. Бу мамлакатларда тармоқларнинг кўпчилиги рақамли технологиялардан фойдаланади, уларнинг алоқа тармоқларига уланиш фоизлари борган сари ортиб бормоқда ва улар ақлли технологиялар билан нисбатан кўпроқ таъминланган.

IDC прогнозларига кўра, 2022 йилга бориб жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 65 фоизи рақамлаштирилади. 2020 йилдан 2023 йилгача рақамли трансформацияга киритиладиган тўғридан тўғри инвестициялар 6,8 трлн долларни ташкил этади.

Ҳозирги вақтда корхоналарнинг рақамли трансформациянинг 1.0 моделидан 2.0 моделига ўтиши кузатилмоқда.

Булутли ҳисоблаш, катта маълумотлар, мобиллик ва ижтимоий тармоқ технологиялари 2007 йилдан буён катта қизиқиш уйғотмоқда ва корхоналар бу ахборот технологияларидан вақти-вақти билан инновациялар киритиш учун фойдаланмоқдалар. Бу давр 1.0 рақамли трансформация даври бўлди.

Эндиликда биз рақамли трансформация йирик инновацияларни амалга оширишга ёрдам бериш билан корхоналар учун жуда катта қийматликлар яратади деб ҳисоблаймиз. Энди корхоналарга уларнинг инновацияларини сезиларли даражада рағбатлантириши мумкин бўлган сунъий интеллект, IoT (Internet of things) ва блокчейн каби янги технологиялар керак. Бу эса 2.0 рақамли трансформация даври бўлади.

IDC компанияси корхоналарда 2.0 рақамли трансформацияга эришиш учун тўққизта йўналишда тўғри шароитлар яратилиши кераклигини аниқлади. Бу йўналишлар рақамли инфратузилманинг келажаги, ишонч, интеллект, мижозлар ва истеъмолчилар, ишлар, операциялар, ўзаро алоқалар, рақамли инновациялар ва саноат тармоқлари билан боғлиқ (2-расм).

Корхоналардаги рақамли трансформациянинг асосий йўналишлари, 2020 йил

Рақамли трансформация – бу беш босқичдан иборат, узоқ давом этадиган жараён: пилот, маҳаллий кенгайиш, репликация, операцияларни бошқариш, оптималлаштириш ва инновация. Рақамли трансформацияни бошлаган барча корхоналарнинг 70 фоиздан ортиғи ҳозирда “маҳаллий кенгайиш” ва “репликация” босқичида, фақат 3,9 фоиз корхоналаргина “оптималлаштириш ва инновация” босқичига етди. Йирик корхоналарда тўлиқ рақамлаштиришга эришиш учун камида 10 йил керак бўлади.

Huawei – AКТ технологияларининг етакчи таъминотчиси ва рақамли трансформациянинг фаол иштирокчисидир. Биз ўз мижозларимизга таклиф қиладиган маҳсулотларни ўзимизда синаб кўрамиз. Шунинг учун, биз ички операцияларимизни ўзгартиришни 2016 йилдаёқ бошлаган эдик.

Трансформация жараёнларида бир нечта муҳим босқичларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин, хусусан:

1. Рақамли трансформация стратегиясини амалга ошириш бешта соҳадаги ўзгаришларни талаб қилди:

  • Хабардорлик: биз қандай ишлаётганимиз иккита омил билан белгиланади: бизнес ва технология. Биз бизнес эҳтиёжларига эътибор қаратишимиз, бу эҳтиёжларни реал вақт режимида ҳис этишимиз ва уларга мос равишда мижозларимиз ва фойдаланувчиларимиз учун қиймат яратиш мақсадида тезкор равишда керакли чораларни қабул қилишимиз керак.
  • Маданият: платформалар яратиш ва ресурслардан биргаликда фойдаланиш рақамли трансформацияга олиб борувчи асосий йўлдир, шу сабабли ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш учун маданиятни ўзгаришларга мослаштириш жуда муҳим.
  • Ташкилот: интеграциялашган жамоалар ягона рақамли платформа асосида рақамлаштириш дастурларини жорий этиш учун бизнес ва IT бўлими ходимларини ўзида бирлаштириши керак.
  • Методология: рақамлаштириш йўлида мустаҳкам пойдевор қўйиш учун рақамли объектлар, жараёнлар ва қоидаларга ўтиш ҳамда фойдаланиш вариантларини, ечимларни бойитиш ва муқобиллаштиришда давом этиш зарур.
  • Модел: бизнес, операцион ва бошқарув моделларини рақамлаштириш мақсадларига мослаштириш керак.

2. Биз ўзимизнинг рақамли трансформация стратегиямизни илгари суриш ва тармоққа тўлиқ уланган, ақлли Huawei'ни яратиш устида иш олиб бораётиб, учта асосий йўналишга эътибор қаратамиз. Бу борадаги муваффақиятлар мижозларни янада мамнун қилади, компаниянинг эса самарадорлиги ва унумдорлигини оширади.

  • Фойдаланувчиларга эътибор қаратиш ва ўз тажрибасини олти турдаги фойдаланувчиларга узатиш: мижозлар, истеъмолчилар, ҳамкорлар, ишлаб чиқувчилар, етказиб берувчилар ва ходимлар.
  • Бизнесга эътибор қаратиш – биз 200 дан ортиқ турли хил сценарийларда мураккаб бизнес архитектурасини қўллаб-қувватлай оладиган (бизнес гуруҳлари, функционал юнитлар ва департаментлараро ўзаро алоқаларни қамраб олувчи) иловалар ва ускуналар ишлаб чиқиш орқали бизнес ва IT бўлимларини бирлаштиришга ёрдам берамиз.

Биз ички рақамли платформани яратиш учун Intelligent Twins архитектурасидан фойдаланмоқдамиз. Huawei булутли хизматлари инновацион дастурий ва аппарат маҳсулотларига асосланган ушбу платформанинг асоси бўлиб хизмат қилади. Платформа корхона ва ташкилотларнинг умумий имкониятларини кенгайтириш ва турли хил сценарийларда ресурслардан мослашувчан фойдаланиш ва уларни алмашиш орқали рақамли трансформацияни қўллаб-қувватлайди.

3. Рақамли трансформациянинг барча дастурлари айни бир мақсадга эга бўлиши керак: яхши тажриба, юқори самарадорлик ва бизнес ўсиши учун янги моделларни тақдим этиш орқали корхоналарнинг асосий бизнесининг муваффақиятини қўллаб-қувватлаш.

Фойдаланувчилар тажрибаси нуқтайи назаридан, Huawei компаниясининг мижозларни қўллаб-қувватлаш бўйича ақлли хизматлари ажойиб натижаларга эришди. Бизнинг тизим ҳар дақиқада 4000 тагача мижозларнинг қўнғироқларини қайта ишлай олади ва ҳар ой 6 миллиондан ортиқ фойдаланувчи сўровларига жавоб бера олади. 92,8 фоиз сўровлар роботлар томонидан қайта ишланади.

Huawei, шунингдек, шартномаларни ҳам ақлли бошқара олади. Тизимлар бир дақиқада шартнома тузишнинг муқобил лойиҳасини тузишга, дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатлари учун 90 дан ортиқ турдаги шартнома бандларини таҳлил қилишга ва 50 000 дан ортиқ тижорат хавфлари тўғрисида ақлли эслатмалар тақдим этишга ёрдам беради. 

Бу саноатни рақамлаштиришнинг фойдаланиш ва кенг миқёсда татбиқ этиш мумкин бўлган амалий намуналаридан биридир.

Иля Левчук,
Huawei Евросиё стратегик маркетинг департаменти директорининг ўринбосари

Реклама ҳуқуқи асосида

Top