Ўзбекистон | 09:21 / 25.08.2021
2609
1 дақиқада ўқилади

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган ҳомийлар Самарқанд шаҳрида мактаб қуриб берди

Самарқанд шаҳридаги 9-информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган таянч мактабда 300 ўринли қўшимча бино қурилган. Вилоят халқ таълими бошқармасининг хабар беришича, ушбу бино исмини ошкор қилишни истамаган ҳомийлар томонидан қуриб берилмоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида жойлашган 9-информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган таянч мактабда янгидан қурилаётган 300 ўринли қўшимча бино айни пайтда битган. Жиҳозлаш ишлари ҳам якунланган. Лойиҳага кўра, бинода 10 та синфхона, тўгараклар ва технология хоналари бўлиши кўзда тутилган. Синфхоналарга 7 та интерактив, 3 та маркерли доскалар ўрнатилган.

Қайд этилишича, ҳозирда спорт ва фаоллар заллари, ошхоналарнинг якунловчи таъмир ишлари олиб борилмоқда. Ушбу биноларни табиий газ ва кўмир билан иситишга мўлжалланган замонавий қозонлар ҳам ўрнатилган.

Таъкидланишича, мазкур бунёдкорлик ишларининг барчаси мактабнинг собиқ битирувчилари, тадбиркорлар томонидан ҳомийлик асосида амалга оширилмоқда. Уларнинг илтимосига кўра, мактаб директори ҳомийларнинг исмини ошкор қилмаган.

Мавзуга оид