12:43 / 27.08.2021
7101

Очиқликка доир қонунчиликни бузган мансабдорларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Лойиҳада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли жавобгарлик моддаларини киритиш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳага кўра, МЖтК қуйидаги мазмундаги 215-7-модда билан тўлдирилиши мумкин:

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш жумладан, очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузиш ёки маълумотларни нотўғри кўрсатиш:

  • мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;
  • худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Кодексга давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчилик бузилганда Аксилкоррупцияга агентлиги томонидан мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш тўғрисидаги 245-9-модда ҳам киритилиши назарда тутилмоқда.

Жамоатчилик муҳокамаси 2021 йил 9 сентябрга қадар давом этади.

Агентликнинг маълум қилишича, ҳужжат лойиҳаси 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Top