Ўзбекистон | 09:46 / 25.11.2023
3278
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш мақсадида қонунчиликни уйғунлаштириш бўйича ҳаракатларни фаоллаштирди

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) сайтида "Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига янги туртки бермоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Фото: Дунё

Унда маълум қилинганидек, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг сўнгги йиғилишида аъзо давлатлар республика ҳукуматининг ташкилотга қўшилиш бўйича музокараларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари фаоллашганини юқори баҳолади.

"Катта делегациянинг иштироки Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш борасидаги қатъий ва жиддий содиқлигини акс эттиради", дея баёнот берди ишчи гуруҳ раиси, Корея Республикаси элчиси Юн Сон Док. Элчи, шунингдек, июн-октябр ойлари давомида Ўзбекистон ишчи гуруҳининг еттинчи йиғилиши учун ташкилотга қўшилиш бўйича музокараларни жадаллаштиришга қаратилган бир қатор янгиланган ҳужжатларни тақдим этганини ҳам таъкидлади.

Муаллифнинг қайд этишича, ЖСТ бош директорининг ўринбосари Сянчен Чжан ишчи гуруҳга мурожаатида институционал ўзгаришларни, ички мувофиқлаштириш ва Ўзбекистон томонидан тақдим этилган музокаралар учун қўшимча материалларни қўллаб-қувватлаганини таъкидлаган. Хусусан, у ЖСТ қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш учун қонун ҳужжатларини кўриб чиқиш механизмининг институционализациясига юқори баҳо берган.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон ишчи гуруҳнинг сўнгги йиғилишидан буён Гуржистон, Мўғулистон, Нигерия, Туркия ва Саудия Арабистони каби беш аъзо мамлакат билан икки томонлама битимлар имзоланиши ҳақидаги маълумотларни тақдим этган. Мамлакат, шунингдек, бозорларга кириш бўйича икки томонлама музокараларда 31 аъзо билан фаол ҳамкорлик қилди.

"Ўзбекистон ўз миллий қонунчилигини ЖСТ қоидалари билан уйғунлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини, жумладан, Адлия вазирлиги ҳузурида Миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари билан уйғунлаштириш бўйича янги бўлим ташкил этиш асносида сезиларли даражада фаоллаштирди", деб ёзади манба.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид