Ўзбекистон | 13:02 / 04.12.2023
7239
3 дақиқада ўқилади

Ноқонуний олтин қазиб олганлар 8 йилгача қамалиши мумкин

Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олганлик учун жавобгарлик чоралари киритилиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ер ва ер ости бойликларни асраб қолиш ва муҳофаза қилишдаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Қонун лойиҳасида келтирилишича, Жиноят кодекси 1961-модда билан тўлдирилади, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 702-моддаси эса янги таҳрирда баён этилади.   

Жиноят кодексига киритилаётган 1961-моддага кўра, фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олиш, худди шунингдек, олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш, (бундан ер ости сувлари ҳамда дарёлар ўзанларида жойлашган фойдали қазилмалар мустасно) шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ўша ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, шунингдек, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 702-моддасининг янги таҳририга кўра эса, фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олиш, худди шунингдек, олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш (бундан ер ости сувлари ҳамда дарёлар ўзанларида жойлашган фойдали қазилмалар мустасно) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.  

Олдинроқ Олий Мажлис Сенатида ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олиш билан боғлиқ жараёнлар муҳокама этилган ҳамда сўнгги 3 йилда қарийб 30 нафар фуқаро олтин қазиб олиш жараёнида ҳалок бўлгани айтилганди.

Мавзуга оид