00:29 / 30.08.2021
9263

ХОҚнинг собиқ раҳбари Жак Рогге вафот этди

Фото: Global Look Press

Халқаро Олимпия қўмитасининг собиқ президенти Жак Рогге 79 ёшида вафот этди.

Рогге 2001 йилда ХОҚ президенти этиб тайинланган, у бу лавозимда Хуан-Антонио Самаранчнинг ўрнини эгаллаган эди. У ХОҚга 2013 йилгача раҳбарлик қилган. Рогге ХОҚдаги фаолиятини якунлагандан кейин ташкилотнинг фахрий президенти бўлиб қолган. Роггенинг ўрнини ўз навбатида Томас Бах эгаллаган.

Рогге Гент шаҳрида таваллуд топган. Касби бўйича ортопед жарроҳ бўлган. Елканли спорт билан профессионал даражада шуғулланган, Бельгиянинг 16 карра чемпиони. У шунингдек, 1968, 1972 ва 1976 йиллардаги Олимпиадалар иштирокчиси ҳисобланади. У Бельгия регби терма жамоаси учун ҳам ўйнаган.

Рогге 1991 йил ХОҚ аъзосига айланган ва 1998 йил ҳалқаро ташкилотнинг ижроия қўмитаси таркибига кирган. Жак Рогге, шунингдек, Бельгия Олимпия қўмитасига (1989-1992 йиллар) ва Европа Олимпия қўмитасига (1989-2001 йиллар) раҳбарлик қилган. Унинг раҳбарлигида ташкиллаштирилган охирги Олимпия ўйинлари 2012 йилги Лондон Олимпиадаси ҳисобланади.

ХОҚнинг амалдаги президенти Томас Бах Роггенинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. “Бутун Олимпия ҳаракати ажойиб дўст ва спортнинг вафодор мухлисини йўқотгандан чуқур қайғуда”, деб айтган Бах.

Роггенинг вафоти муносабати билан ХОҚнинг барча объектларидаги байроқлар тушириб қўйилади.

Top