Жаҳон | 09:03 / 12.02.2026
2580
3 дақиқада ўқилади

ХОҚ Берлин олимпиадаси рамзлари туширилган футболкани сотувдан олиб ташлади

1936 йилги Олимпиаданинг (нацистлар давридаги) рамзлари туширилган футболка Германия ОАВда мусобақанинг сиёсий контексти ҳақида маълумот берилмагани учун танқидга учради.

Фото: shop.olympics.com

Онлайн-Олимпия ўйинлари дўкони 11 феврал, чоршанба куни Германия ОАВдаги танқидлардан сўнг, нацистлар Германиясида ўтказилган 1936 йилги Олимпиада рамзлари туширилган футболкани сотувдан олиб ташлади. Италияда бўлиб ўтадиган қишки ўйинлар арафасида мусобақанинг расмий онлайн-дўкони (у Халқаро олимпия қўмитаси буюртмасига кўра хусусий британ компанияси томонидан бошқарилади) илгариги Олимпиадалар рамзларига бағишланган футболкалар коллекциясини чиқарган эди.

Хусусан, бу коллекцияда Афина, Рим, Лос-Анжелес, Сеул, Сидней ва бошқа шаҳарларда ўтган Олимпиадалар мотивлари тақдим этилган. Коллекция тавсифида шундай дейилган: “Ҳар бир ўйин инсонпарварликни улуғлаш учун дунё бир жойга тўпланган тарихдаги бетакрор вақт ва бетакрор жойни акс эттиради”.

Германиянинг Bild газетаси коллекцияда 1936 йилги Олимпиаданинг расмий плакати туширилган футболка ҳам сотилаётганига эътибор қаратди. Бу плакат рассом Франц Вюрбел томонидан яратилган: унда лавр гулчамбари таққан қадимий ҳайкал, Берлиндаги Бранденбург дарвозасининг квадригаси ва Олимпия ҳалқалари тасвирланган. Ўйинлар вақтида ҳукумат “тинчликсевар” Германия образини тарғиб қилган, ҳолбуки ўша пайтнинг ўзида мамлакатда яҳудийлар ва режимнинг сиёсий рақиблари таъқиб қилиниб келаётган эди. 1936 йилги Олимпиададан уч йил ўтиб Германия Иккинчи жаҳон урушини бошлади.

Bild билан суҳбатда Берлин федерал ери парламенти (депутатлар палатаси) депутати, “Иттифоқ-90/Яшиллар” партияси вакили Клара Шедлих 1936 йилги Олимпиада нацист режимининг пропагандасида марказий восита бўлганини эслатди: у “режимга халқаро тан олинишни таъминлади ва диктатурани нормаллаштирди, унинг жиноий моҳиятини яширди”. Шедлихнинг айтишича, 1936 йилги ўйинларни нацистлар пропагандаси билан боғлиқлигидан айро ҳолда кўриб чиқиб бўлмайди.

11 феврал кечқурун эълон қилинган баёнотда Халқаро олимпия қўмитаси “Берлиндаги 1936 йилги Олимпия ўйинлари ва нацистлар пропагандаси ўртасидаги боғлиқлик”ни, албатта, тан олишини билдирди. Бироқ шу билан бирга, “ўша ўйинларнинг спорт ўлчами”ни ҳам инобатга олишга чақирди: унда 49 мамлакатдан келган 4483 нафар спортчи 149 та мусобақада медаллар учун курашган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид