Жаҳон | 02:32 / 07.09.2021
12429
2 дақиқада ўқилади

Михаил Саакашвили Грузияда қамоқда ўтиришга тайёрлигини айтди

Фото: Коммерсантъ

Грузиянинг собиқ президенти, Украинанинг миллий ислоҳотлар кенгаши ижроия қўмитаси раҳбари лавозимини эгаллаётган Михаил Саакашвили грузин халқига мурожаат қилиб, 2 октябрдаги маҳаллий сайловлар олдидан Грузияга қайтишини айтди. 

Саакашвилининг таъкидлашича, Грузия ҳукумати уни қамоққа олса ҳам, “грузин халқи уни озод қилади”.

У бўлғуси сайловларни ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясига ишончсизлик билдириш бўйича референдум” деб атаган. У бунда ҳукмрон партия маҳаллий сайловларда партия рўйхатлари бўйича 43 фоиз овоз йиға олмаса, мухолифат парламентга навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишини талаб қилиши мумкинлигини назарда тутган.

Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили Саакашвилининг қайтишига изоҳ бериб, бу ҳолатда собиқ президент дарҳол турмага олиб борилиши ва у ерда “турфа хил чиройли галстуклар билан таъминланишини” айтган.

2013 йилда Грузияни тарк этган Саакашвили ўз хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганлик учун иккита жиноят иши бўйича Тбилиси суди томонидан сиртдан 3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид