Ўзбекистон | 11:13 / 07.09.2021
9242
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йилига тўрт марта пилла етиштирилиши йўлга қўйилди

Пилла етиштириш ҳажмини ошириш, касаначиларни соҳада йил давомида кўпроқ иш билан банд қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида бир йилда 4 маротаба пилла етиштириш жараёни йўлга қўйилди.

2017 йилга қадар Ўзбекистонда бир йилда бир маротаба пилла етиштирилар ва бу жараёнда аҳоли бор-йўғи 35-40 кун давомида банд бўлар эди. Бунда Ўзбекистонда иқлим шароити такрорий пилла етиштириш учун мос деб ҳисобланмаган. Чунки, ўзгарувчан об-ҳаво шароити(ўта иссиқ ёки совуқ ҳаво ҳарорати)да етиштирилган пилланинг ипакчанлик кўрсаткичи жуда паст бўлиши, бунинг натижасида пиллани қайта ишлаш, яъни ипак толаси ишлаб чиқариш учун харажатлар кескин ортиб кетар эди. 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси берган маълумотларга қараганда бугунги кунда пилла етиштирувчи касаначилар соҳада 7 ой давомида узлуксиз иш билан бўлмоқдалар. Шу кунларда касаначилар жорий йил пилла етиштиришнинг учинчи мавсумига киришдилар. Умумий миқдорда 41 810 қути ипак қурти уруғлари жонлантириш учун инкубаторияларга қўйилиб, шартнома асосида касаначиларга тарқатиб берилди.

Айни пайтда Андижон вилоятида 7 минг қути, Самарқанд вилоятида 5 190 қути, Бухоро вилоятида 4 200 қути ипак қурти уруғлари парвариш қилинмоқда.

Ҳар бир касаначи хонадонига 1 қути ипак қурти уруғи тарқатилган бўлса, шу хонадонда камида 2-3 нафар киши пилла етиштириш жараёнлари билан машғул бўлади. Бу эса учинчи ва тўртинчи мавсумларда пилла етиштириш учун ўртача 200 минг нафарга яқин касаначилар меҳнат билан машғул бўлишини англатади.

Сентябрь ва октябрь ойларида ҳам ипак қурти парвариши республикамиз бўйлаб давом эттирилади ва тўртинчи мавсум учун яна 40 минг қутидан зиёд ипак қурти уруғлари жонлантирилади. 

Мавсумлар якунида пиллачилик кластерлари томонидан етиштирилган 1 кг пилла ҳосили учун 22 400 сўмдан 30 минг сўмгача иш ҳақи тўлаб берилиши келишиб олинган.

Бугунги кунда мамлакатимизда фақатгина ипак толаси эмас, жаҳон бозорида харидоргир бўлган ипак момиғи ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ипак момиғи ишлаб чиқаришда пилланинг сифат кўрсаткичи асосий рол ўйнамайди. Шу сабабдан учинчи ва тўртинчи мавсумларда етиштирилган пилла хомашёсининг асосий қисми ипак момиғи ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

Мавзуга оид