21:48 / 08.09.2021
5804

Рим папаси италиялик маҳбусларга 15 минг дона музқаймоқ жўнатди

Рим папаси Франциск Италиядаги 2 та турмада сақланаётган маҳбусларга 15 минг дона музқаймоқ жўнатди. Понтифик шу йўл билан Италияда 45 йил ичида кузатилган энг иссиқ ёзда маҳбусларни бироз бўлса-да қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган. 

Фото: Global Look Press

Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, жорий ёз Италиядаги энг иссиқ ёзлардан бири бўлди. Хусусан, Сицилияда августда 49 даража иссиқ ҳаво қайд қилинди. Об-ҳаво мутахассислари ушбу ҳароратни Европада 1977 йилдан бери қайд қилинган энг юқори ҳарорат кўрсаткичи деб аташган.

Музқаймоқлар Римдаги Regina Coeli ва “Ребиббия” турмаларига Рим папаси ёрдамчилари томонидан етказилган.

Шунингдек, папа томонидан ташкиллаштирилган хайрия тадбири давомида бошпанасизлар денгиз бўйига ва Кастель-Гандольфо кўлига олиб борилган ва маҳаллий пиццерияларда меҳмон қилинган. Бундан ташқари, папа офиси Мадагаскардаги шифохонага компьютер томографи жўнатган ва Африканинг 3 та давлатида тиббиёт ривожи учун 2 млн евро ажратган.

Аввалроқ Рим папаси дунёда очарчиликнинг мавжудлиги жиноят ҳисобланишини, чунки очарчилик инсон ҳуқуқлари бузилиши эканини айтган. У сайёрамизда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини ошириш учун янги технологиялар ишлаб чиқилаётган бўлса-да, одамлар бу мақсадда “табиатдан беаёв фойдаланишда давом этаётганини” таъкидлаб ўтган.

Top