Жамият | 19:53 / 08.09.2021
7856
2 дақиқада ўқилади

«Вақф» фонди Kun.uz’да ҳаёти ёритилган икки муҳтож оилага ёрдам берди

Kun.uz сайтида 21 август ва 23 август кунларида эълон қилинган «Вояга етмаган ёлғиз ўғил бемор онаси учун болалигидан кечгани ҳақида ҳикоя» ва «Меҳнатимдан уялмайман — ғишт қуйиб сотаётган аёл» сарлавҳали материаллар қаҳрамонлари бўлган икки оила «Вақф» фонди ходимлари назаридан четда қолмади. Моддий ва маънавий кўмакка муҳтож бу аёлларга ёрдам бериш мақсадида фонд ходимлари Фарғона ва Навоий вилоятларига ташриф буюрди.  

Фарғона вилояти, Қўштепа тумани, Шаҳартепа қишлоғида ёлғиз ўғли, 14 ёшли Камолиддин билан истиқомат қилиб келаётган 2-гуруҳ ногирони бўлган Баҳридил Зокирова оиласига фонд ходимлари томонидан музлаткич ва тикув машинаси, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.

Сайтдаги иккинчи видеолавҳада Навоий вилояти Кармана туманининг Боғишамол маҳалласида яшовчи, 3 фарзанди билан ёлғиз қолган Нигора Ҳамроева ғишт қуйиб сотиш орқали рўзғор тебратаётгани ҳикоя қилинганди. 

«Вақф» фонди ходимлари Нигора опанинг сўровига кўра тикув машинаси, музлаткич ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этишди.

«Эҳсон ва хайрияларни ҳақиқий эгаси бўлмиш ҳақдорларни топиб топшириш «Вақф» хайрия жамоат фонди фаолиятининг энг муҳим хусусиятларидан ҳисобланади. Ҳақдорлар учун эса халқимиз доимо ёрдам беришга тайёр.

Мазкур хайрияга ҳисса қўшган барча саховатпеша ҳамюртларимизга Аллоҳ таолодан икки дунё саодатини сўраб қоламиз!», дейилади фонд матбуот хизмати хабарида.
 

Мавзуга оид