Жаҳон | 20:41 / 13.09.2021
11769
2 дақиқада ўқилади

БМТ олий комиссари “Толибон” ўз ваъдаларига амал қилмаганини айтди

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет “Толибон” берган баъзи, жумладан аёллар борасидаги ваъдаларига амал қилмаганини айтди.  

Фото: Reuters

Унинг таъкидлашича, Афғонистон толиблар ҳокимиятни эгаллаб олгандан кейин “янги ва хафвли босқичда” ва мамлакатдаги кўплаб аёллар ҳамда миллий ҳамда диний жамоалар вакиллари бундан жуда хавотирланмоқда.

Бачелет толиблар шакллантирган янги ҳукуматда аёллар йўқлигидан ва унда маҳаллий пуштунлар кўпчиликни ташкил қилишидан хавотир билдирган.

“Толибон” аёлларни ҳимоялашга берган ваъдаларига қарамай, бунинг ўрнига охирги 3 ҳафта давомида Афғонистонда аёллар ижтимоий соҳадан бирин-кетин истисно қилинмоқда”, деб айтган БМТ вакили Афғонистонга ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро анжуманда. 

Бачелетнинг айтишича, Афғонистоннинг баъзи жойларида 12 ёшдан катта қизларга мактабларга бориш тақиқланган, аёлларга эса уйларида қолиш буюрилган.

У, шунингдек, толибларни аввалги ҳукуматга алоқадор собиқ давлат хизматчилари ва хавфсизлик хизмати ходимларини афв этиш борасидаги ваъдаларини бажармаганликда айблади.

Олий комиссар БМТ АҚШ компаниялари ва хавфсизлик кучлари билан бирга ишлаган афғонлар уйлари тинтув қилингани ҳақида хабарлар олгани, халқаро ташкилотнинг баъзи ходимлари эса ўзларига нисбатан таҳдидлар ва таъқиблар кўпайганини маълум қилишаётганини, собиқ афғон ҳарбийлари ўч олиш мақсадида ўлдирилгани ҳақида “ишонишга лойиқ маълумотлар” олинганини айтган.

Шу муносабат билан, Бачелет Афғонистонда инсон ҳуқуқларига амал қилинишини назорат қилувчи механизмни ташкил этишга чақирган.

“Мен кенгашга ушбу инқирознинг жиддийлигига монанд равишда дадил ва журъатли ҳаракатлар амалга ошириш кераклиги чақириғи билан яна бир бор мурожаат қиламан”, деб ўз сўзларини якунлаган БМТ вакили.

Аввалроқ БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайонс толибларни ташкилотнинг афғон ходимларини таъқиб қилишда ва қўрқитишда айблаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид