Ўзбекистон | 09:44 / 14.09.2021
4083
2 дақиқада ўқилади

“Санъат асарлари сабрдан яралади” – сангтарош уста

Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри мармарлари билан бир қаторда сангтарош усталари билан ҳам машҳур. Улардан бири Ўзбекистондаги кўплаб тарихий обидаларни таъмирлашга ўз ҳиссасини қўшган Тоҳир Раҳимовдир. Бугун унинг ишини фарзанд ва шогирдлари давом эттириб келяпти.

Тоҳир Раҳимов биринчи ўзбек сангтароши, 1937 йилда миллат зиёлилари қаторида қатағон қилинган Абдураҳим уста Турдиевнинг набирасидир. Ушбу сулолада сангтарошлик авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

20 йилдан буён шу иш билан машғулман. Аждодимиз сангтарошлик билан шуғулланган, биз ҳам шу йўлдан кетяпмиз. Тошга меҳр берсангиз, айтган нарсангиз чиқади. Устунлар, панжаралар, совға учун товоқлар ясаймиз. Хуллас, мармарга жило берамиз. Ҳам амаким, ҳам устозим Тоҳир Раҳимов билан Ўзбекистоннинг кўплаб тарихий обидаларида ишлаганмиз. Мармарнинг меҳнати асосан сабрда. Ҳар қандай санъат асари сабрдан яралади”, — дейди сангтарош Мухлис Раҳимов.

Устанинг таъкидлашича, бу ишда хато қилиб бўлмайди. Чунки, мармар қазиб олиниб, устахонага келтирилишидан то тайёр маҳсулот ҳолига келгунча бўлган жараёнлар алоҳида эътибор талаб қилади. Сўнгги лаҳзаларда тош учса ёки ёрилса, кунлаб қилинган меҳнат зое кетади.  

Тоҳир Раҳимовнинг Ғозғон шаҳридаги мўъжаз устахонасида мармардан ясалган кўплаб санъат асарлари, устун ва безаклар бугун муҳташам биноларни, тарихий масканларни безаб турибди. Ушбу устахона сангтарошлик бўйича ўзига хос мактабга айланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид