Ўзбекистон | 15:14 / 17.09.2021
6835
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистоннинг хориж банкларидаги активларини тақиқдан чиқаришни таклиф қилди

Ўзбекистон президенти ШҲТ- Афғонистон шаклида юқори даражадаги учрашувларни мунтазам ўтказиб бориш таклифини илгари сурди.

 Ўзбекистон ҳукумати Афғонистоннинг хориж банкларидаги активларини тақиқдан чиқаришни таклиф қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.

"Гуманитар вазиятни ҳисобга олиб, Афғонистоннинг хориж банкларидаги ҳисобларини тақиқдан чиқариш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қиламиз", - деди Мирзиёев Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Душанбеда бўлиб ўтаётган юбилей саммитида қилган чиқишида.

Ўзбекистон президенти ушбу мамлакатда юзага келган вазият сабабли ШҲТ- Афғонистон шаклида юқори даражадаги учрашувларни мунтазам ўтказиб бориш таклифини илгари сурди.

"Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларини кенг муҳокама қилиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун кузатувчи-давлатлар ва ҳамкорларни жалб этган ҳолда ШҲТ-Афғонистон шаклида юқори даражадаги учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб боришни таклиф қиламиз", - деди Ўзбекистон президенти.

Хабарда айтилишича, Шавкат Мирзиёев бундай шаклдаги илк учрашув Ўзбекистонда ўтказилишига тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 17 сентябр куни Душанбеда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг ШҲТ ташкил этилганлигининг 20 йиллигига бағишланган юбилей саммити очилди. 

15 август куни Қўшма Штатлар Афғонистон марказий банкининг АҚШда сақланаётган активларини музлатиб қўйганди. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, апрел охирида Афғонистон марказий банкининг валюта захиралари 9,4 млрд долларни ташкил этган.

БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайонснинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг миллиардлаб долларлик давлат захираларининг музлатиб қўйилиши жиддий иқтисодий инқирозга олиб келади.

Мавзуга оид