Ўзбекистон | 16:32 / 17.09.2021
5593
4 дақиқада ўқилади

Президент ШҲТнинг келгусидаги асосий устувор йўналишлари ва вазифаларига тўхталди

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 17 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев 2021-2022 йилларда ШҲТга Ўзбекистон раислик қилишини инобатга олиб, ташкилотнинг келгуси даврдаги асосий устувор йўналишлари ва вазифаларига тўхталиб ўтди.

ШҲТ доирасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш мақсадида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс дастурни тайёрлаш ва қабул қилиш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон президенти савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни яқинлаштириш, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш ҳамда ўзаро бозорларга чиқишни енгиллаштиришни назарда тутадиган Минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг бизнес ҳамжамиятлари вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш масалаларини ҳар томонлама кўриб чиқиш учун келгуси йилда Ўзбекистонда ШҲТ Иқтисодий форуми ва Саноат янгиликлари ҳафталигини ўтказиш режалаштирилмоқда.

ШҲТ саноат кооперацияси дастурини тез фурсатда қабул қилиш ҳамда аъзо давлатлар ҳудудида индустриал кооперация марказларини ташкил қилиш муҳим экани қайд этилди.

Ўзбекистон етакчиси транспорт боғлиқлигини ривожлантириш бўйича ШҲТ стратегиясининг қабул қилиниши мамлакатлар транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ҳамда “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” йўлаклари тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

- ШҲТ маконида инфратузилмавий тараққиёт бўйича узоқ муддатли дастурни биргаликда тайёрлаш ташаббусини илгари сурамиз. Унга энергетика, коммуникациялар, “яшил” тараққиёт соҳаларида трансчегаравий лойиҳаларни киритиш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларининг долзарб аҳамиятини ҳисобга олиб, Ўзбекистон президенти бу борада вазирларнинг учрашувлари ва экспертлар маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш механизмини жорий қилиш таклифини илгари сурди.

Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш мақсадида саммит иштирокчиларининг эътибори ШҲТ маконида ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг учрашувларини қайта тиклаш муҳим эканига қаратилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев кибермакондаги замонавий таҳдид ва хатарларга муносиб жавоб қайтариш учун ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги экспертлар форумини таъсис этиш тўғрисида ташаббус билан чиқди.

- Биз “халқ дипломатияси”да биргаликда эришилган натижаларни ижобий баҳолаймиз, - деди президент. – Қўшма маданий, фан-таълим, спорт ва бошқа тадбирларни фаоллаштириш мақсадида “ШҲТ Эзгу ният элчиси” институтининг таъсис этилиши тарафдоримиз.

Бундан ташқари, мамлакатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги тўғрисида ҳукуматлараро битимни тайёрлаш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон етакчиси яна бир долзарб мавзу – юқумли касалликларни профилактика қилиш ва даволаш, ковиддан кейинги реабилитация соҳаларидаги ҳамкорлик, вакцинация тўғрисидаги сертификатларни ўзаро тан олиш масалаларига тўхталди.

Мажлис якунида ШҲТнинг 20 йиллиги бўйича Душанбе декларацияси қабул қилинди, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 30 та ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон президенти Афғонистондаги вазият бўйича ўтказилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти” форматидаги учрашувда ҳам иштирок этди.

Мавзуга оид