Ўзбекистон | 14:36 / 17.09.2021
16336
3 дақиқада ўқилади

Прокуратура “Амирсой” воқеасида қонунларга оғишмай риоя қилгани маълум бўлди

2021 йил 16 сентябр куни Kun.uz’да эълон қилинган “Прокуратура “Амирсой”даги дарахткесарлар ишини яшириб келган(ми?)” сарлавҳали хабар юзасидан Бош прокуратура муносабат билдирди. Унда маълум қилинишича, прокуратура ходимлари ушбу ҳолатда қонун бузилишларига йўл қўймаган.

Маълум бўлишича, Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Бўстонлиқ тумани Амирсой ҳудудида 700 туп мевали ва манзарали дарахтлар кесилиши ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар 2021 йил 30 июнда Тошкент вилояти прокуратураси орқали 2021 йил 13 июлда Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига келиб тушган.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан ўрганилиб, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Бош прокуратура ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан имзоланган 2021 йил 15 январдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида”ги тартиб талабларига риоя қилинмасдан, бир қатор камчиликлар билан юборилганлиги боис, камчиликларни бартараф этиш ва қайта расмийлаштириш учун бошқармага 2021 йил 15 июлда хат билан қайтариб юборилган.

Шундан сўнг, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 2021 йил 18 августдаги хати ва тўпланган ҳужжатлар тўлдирилган ҳолда 2021 йил 31 августда вилоят прокуратурасига қайта келиб тушган ва 2021 йил 6 сентябрда Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига юборилган.

Жиноят-процессуал қонунчилик талаблари асосида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, 2021 йил 15 сентябрда ҳолат юзасидан 10 кунлик муддатдан ошмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилинган.

“Юқоридагилардан шу кўринадики, ушбу ҳолатларда прокуратура томонидан қонунларга оғишмай риоя қилинган.

Фурсатдан фойдаланиб, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги, 15-моддасига кўра журналист ўзи тайёрлаётган ва тарқатаётган хабарлар ҳамда материалларнинг ҳаққоний бўлиши учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар эканлигини яна бир карра эслатмоқчимиз”, – дейилади Бош прокуратура муносабатида.

Ўз навбатида, Kun.uz таҳририяти мақолани тайёрлашда хатоликка йўл қўйган ва маълумотларни етарли даражада текширмасдан прокуратура идоралари ишчанлик обрўйига путур етишига сабабчи бўлган мухбирини интизомий жавобгарликка тортди.

Мавзуга оид