Спорт | 19:36 / 24.09.2021
14134
9 дақиқада ўқилади

Номи улуғ, супраси қуруқ. Топ-5 лигаларда шўнғиётган грандлар

Европа кучли бешлик чемпионатларида жамоалар орасидаги тафовутнинг катта эмаслиги ва ҳар бир ўйиндан интрига кутиш мумкинлиги боис мана шу мақомга эришгани бор гап. Лекин амалда барибир ҳар бир лиганинг ўз грандлари, гегемонлари бор. Жорий мавсум қолганларидан катта фарқ қилмоқда ва бир қатор катта жамоалар ўзларига ўхшамаяпти. Уларнинг пастлашини мавсум аввалидан, трансфер ойнаси давомида амалга оширган сиёсатидан ҳам билиб олиш мумкиндек эди. Лекин барибир бу қадар катта тезлик билан пастга шўнғишлари кутилмаган эди. Қуйида топ-5 чемпионатларда энг муваффақиятсиз старт амалга оширган 5 та грандга тўхталиб ўтамиз.

«Ювентус» – 12-ўрин

Роналдудек футболчини ўз таркибига қўшиб олиш нақадар ажойиб бўлмасин, ўзига яраша бадали ҳам бор. Бу худди тумовга қарши кучли антибиотик билан курашишни эслатади. Сиз дарҳол муаммодан қутуласиз. Лекин бу орқали иммунитетингиз кучсизланади. Турин клуби 3 йил давомида Криштиану билан ЕЧЛдаги омадсизликларига барҳам бермоқчи бўлди. Лекин натижалар аксинча пастга қараб кетди. Сабаби, клуб барчасини Роналдудан кутгандек бўлди. Португалиялик юлдуз уч мавсум давомида уч хил мураббий қўл остида ўйнади ва ҳеч бирида улкан муваффақиятга эриша олмади. Устига-устак ўтган мавсум «кекса сеньора» А Серия чемпионлигидан ҳам четда қолиб кетди. Бундай вазиятда ёши 36 га қараб кетиб қолган Роналдуга бу қадар катта маош тўлашдан «Юве» раҳбарияти наф кўрмади ва Криштианунинг ўзи ҳам кетишни хоҳлаб қолди.

Икки орада «Ювентус»га жабр бўлди. Клуб яна Аллегрини бош мураббийликка қайтарди ва 2 йил олдин тарк этган йўлига қайтишга мажбур бўлмоқда. Янгича услуб «Альянц стэдиум» эгаларига аввалги натижаларни ҳам бера олмади. «Ювентус» сўнгги йилларда бир қатор ёш иқтидор эгаларини жамоага қўшиб олди ва таркибни кескин ёшартирди. Тез орада клуб етакчиларидан бири Пауло Дибала янгиланган шартномага қўл қўйиши керак. Унинг атрофида тўпланган Кьеза, Кулусевски, Кен, Локателли, Рабьо ва Де Лигт сингари ёш футболчилар келгусида яхши жамоага айланиши мумкин. Лекин ҳозирча жамоа А Серияда 12-ўринда бормоқда.

Дастлабки 4 та турда ғалаба қозона олмаган Турин клуби сўнгги баҳсда «Специя»ни аранг енгди. Кўрамиз, ушбу ғалаба муваффақиятли йўлнинг бошланишими ёки йўқ?!

«Барселона» – 7-ўрин

Каталонияликлар узоқ йиллар давомида Испания гранди сифатида эътироф этиб келинишига қарамай, уларнинг ҳақиқий дунё гранди сифатидаги даври ушбу асрга тааллуқли. Яна ҳам аниқ айтадиган бўлсак, Лео Мессининг клубда фаолиятини бошлаган давридан эътиборан «кўк-анорранглилар» том маънода гигант клубга айланишди. Ҳа, дастлабки даврларда бу ерда Роналдиньо эффекти каттароқ роль ўйнаган. Бразилиялик юлдуз кетганидан сўнг ҳам барселоналиклар ривожланишда, кетма-кет титулларни ютишда давом этди. Сўнгги 18 та Ла Лига мавсумининг 10 таси «Барса»нинг чемпионлиги билан тугагани ҳам Месси бор даврда «блаугранас» Испанияда ҳукмронлик қилганидан дарак беради. Бу йиллар мобайнида барселоналиклар 4 маротаба УЕФА Чемпионлар Лигасини ютишди, 2 марта требл қайд этишди. Тики-така ҳақиқий маънода маромига етказиб ижро этилди.

Бугун эса ўша йиллар мобайнида сингдирилган, қадр топган услуб «Барселона»нинг янги таркиби билан йўққа чиқмоқда. Жамоа марказий ҳужумга Люк де Йонгни олиб келиб, фақат унга ҳаводан тўп узатиб гол уришга ҳаракат қилаётгандек. 6 та турда 9 очко тўплаб, 7-ўринда бораётган «Барселона» бу қадар катта танқидлар остида қолиши фақат натижа билан боғлиқ эмас. Сабаби «Реал» жуда кўплаб мавсумларни мана шундай паст натижалар билан бошласа ҳам, бу қадар жиддий айбловларга дуч келмасди. Мухлислар ва журналистлар Кумандан норози. Сабаби, у клуб қадриятларини йўққа чиқараётгандек, натижага эришиш мақсадида «Камп Ноу» севган услубни четга суриб қўяётгандек. Муваффақиятсизликлардан сўнг жамоанинг жароҳатланган футболчиларини рўкач қилмоқда. Кўрамиз, Педри, Альба, Фати, Агуэро каби кучли футболчилар қайтгач, «Барселона»нинг ўйинига мазмун қайтармикан?!

«Арсенал» – 13-ўрин

4-ўринни олишдан зерикиб, Венгерни узоқ йиллик кампаниялар орқали кетказишга эришган «Арсенал» мухлислари энди Европа Лигасида ҳам ўйнай олишмаяпти. Уларнинг муваффақиятсизлиги кеча ёки бир неча ҳафта аввал юз бериб қолган ҳолат эмас. 2007 йилдан эътиборан «Арсенал» акцияларини сотиб ола бошлаган Стэн Кронке йиллар мобайнида клубнинг бошқа эгаларидан улушларни сотиб олиб, якунда клубнинг асосий эгасига айланиб олди. Эътибор беринг, «тўпчилар» секин-аста УЕФА майдонларида фаворит мақомидан пастга туша бошлаган пайти америкалик миллиардернинг клубни эгаллаб бориши билан параллел кетган. Тан олиш керакки, океанорти вакиллари футболга ашаддий мухлис бўлганда ҳам, европаликлар сингари унга жон куйдира олишмайди. Кронке ҳам Лондон клубидан ташқари бошқа бир қатор спорт турларида турли клублар эгаси ҳисобланади. Ўз ранчосига эга «ковбой» футболга чин кўнгилдан мухлис эканлиги ва «канонирлар»ни кучайтиришни ўзининг бош мақсадига айлантиришига ишониш қийин.

Клуб жорий мавсум аввалида дастлабки 3 та турни бой берди ва 66 йил ичида биринчи марта Англия юқори дивизиони стартидаги 3 та ўйинни юта олмади. Сўнгги 2 та турда Артета шогирдлари минимал ҳисобдаги ғалабалари билан турнир жадвалидаги ҳолатни яхшилашга муваффақ бўлишди. Бироқ 26 сентябрь кунги «Тоттенҳэм»га қарши ўйин жамоанинг асл кучини кўрсатиб бериши мумкин.

«Лейпциг» – 12-ўрин

Лигалар кесимида кучсизланган гигантлар хусусида гапирар эканмиз, бу рўйхатга Бундеслигадан «Лейпциг»ни қўшишга қарор қилдик. Ҳа, жамоанинг мавсум аввалидаги тақвими яхшигина оғир эди. «Бавария»га қарши беллашувдаги йирик мағлубиятни нисбатан оддий қабул қилишимиз мумкин. «Майнц», «Вольфсбург»га бой берилган ўйинлар ва «Кёльн»нинг енга олмаганликлари ҳақида эса бундай дея олмаймиз.

Аввало, жамоани тарк этган етакчи фигуралар бунга катта сабаб. Бош мураббий Юлиан Нагельсманн клубда катта ўрин тутарди. У энди мюнхенликларни бошқармоқда. Жамоа сардори Марсель Забицер ва етакчи марказий ҳимоячи Дайо Упамекано ҳам «Бавария»га йўл олди. Натижа? 12-ўрин!

Ҳа, «Лейпциг» асосан иқтидорларни ривожлантириш ва уларни гранд жамоаларга сотишдан даромад қилишни кўзлаб тузилгандир. Лекин сўнгги пайтларда уларда амбициялар етарлича ўзгарди. Бу каби муваффақиятсиз ўйинлар сериясидан чиқиб кетиш учун уларга яна бир қатор янги иқтидорлар керак. Мутахассислар таъкидлаганидек, клубда яхлит тизим ишласа, бу ҳолат ўткинчи бўлиши керак. Қолганини вақт кўрсатаверади.

«Лилль» – 14-ўрин

Француз клубига 2011 йилги чемпионлик мавсумидан сўнг бўлиб ўтган воқеалар дарс бўлмагани кўриниб турибди. Ўшанда мавсум чемпионига айланган жамоа бирин-кетин Эден Азар, Люка Динь, Димитри Пайет каби кучли футболчилар, мураббий Руди Гарсияни қўйиб юборади ва натижалари пастлаб кетади.

Ўтган мавсум Кристофер Галтье жамоани яна Франция тахтига қайтарди. Лекин чемпионга айланган мураббий мавсум тугаши билан жамоани тарк этди ва «Ницца» постини эгаллади. Майк Меньян «Милан»га кўчиб ўтиб, Жанлуижи Доннарумманинг ўрнини эгаллади. Яримҳимоя чизиғи асосий футболчиларидан бири ҳисобланган Бубакари Сумаре эса «Лестер» таркибига бориб қўшилди.

Мавсум аввалида «Лилль» собиқ мураббийи Галтье бошқараётган «Ницца»дан 0:4 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олди. Ёзги трансферлар ойнаси вақтида даҳшатли даражада кучайишга эришган «ПСЖ»нинг мавсум аввалидаги тушунарсиз ўйинлари ҳам асосий рақобатчи «Лилль»никидан мазмунлироқ чиқаётгандек. Балки, ушбу клуб мухлислари жамоани энг юқори ўринларда кўриш учун яна 10 йил кутишига тўғри келар.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Мавзуга оид