Англия: Ҳоланднинг рекорди

«Фулҳэм» – «Манчестер Сити» 4:5
Голлар: Ҳоланд, 17 (0:1). Рейндерс, 37 (0:2). Фоден, 44 (0:3). Смит-Роу, 45+2 (1:3). Фоден, 48 (1:4). Берге, 54 – автогол (1:5). Ивоби, 57 (2:5). Чуквуэзе, 72 (3:5). Чуквуэзе, 78 (4:5)
«Фулҳэм»: Лено, Басси, Андерсен, Сессенон, Тете (Кастан, 46), Берге, Лукич (Чуквуэзе, 46), Смит-Роу (Кинг, 74), Ивоби, Уилсон (Кевин, 82), Хименес (Куси-Асаре, 73)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол, О`Райли, Матеус Нунес, Гонсалес (Стоунс, 64), Бернарду Силва, Рейндерс (Шерки, 82), Доку (Савио, 64), Фоден (Аке, 90+7), Ҳоланд
Огоҳлантириш: Шерки, 90

Англия чемпионатида анча вақтгача мухлислар ёдидан чиқмайдиган ноёб ўйин бўлиб ўтди. Аввалига «Фулҳэм» ва «Манчестер Сити» учрашуви Эрлинг Ҳоланднинг рекорди билан ёдда қоладигандек тасаввур уйғонганди.

Ўзи учун ноодатий тарзда қаторасига уч ўйинда гол уролмаган Ҳоланд ўйин дебютидаёқ нохуш сериясига барҳам бериши мумкин эди, аммо у Фоденнинг узатмасидан кейин дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, дарвоза устунини пойлади. Фақат бўлим ўрталарига яқинлашгандагина у ўз мақсадига эришди – Докунинг қанотдан узатмасидан кейин Эрлинг дарвозани ўққа тутди.

Бу норвегиялик ҳужумчининг АПЛдаги 100-голи бўлди ва у бу натижага барчадан тезроқ эришди. Унга бунча гол учун 111 учрашув етарли бўлди. Бундан олдинги рекорд 100 гол учун 124 ўйин сарфлаган Алан Ширерга тегишли бўлганди.

Ҳоланд биринчи бўлимда Рейндерс ва Фоденнинг голларига ассистентлик ҳам қилди, ўйиннинг 54-дақиқасига келиб эса ҳисоб 1:5 кўринишини олди.

Шундан кейин Хосеп Гвардиола шогирдлари хотиржамликка берилишди, мезбонлар эса яна учта жавоб голини уришди. Захирадан ўйинга туширилган Саму Чуквезе дубл қайд этиб, 78-дақиқада ҳисобни 4:5 кўринишига келтирди. Натижада ўйиннинг қолган қисми «шаҳарликлар» учун ўта асабий тус олди.

«Фулҳэм»нинг учинчи голи уч ярим дақиқа давомида VAR орқали текширилгани туфайли ҳакам иккинчи бўлимга саккиз дақиқа қўшиб берди. Ва айнан 90+8-дақиқада ўйин тақдири ҳал бўлди. Мезбонлар вингери Кевин чап қанотдан жарима майдонига кириб бориб, бир неча метр масофадан зарба йўллади, Доннарумма тўпни ўтказиб юборди, аммо Гвардиол тўпни чизиқ олдидан қайтариб юборди ва жамоаси ғалабасини сақлаб қолди.