13:58 / 27.09.2021
7039

Наманган шаҳрида қандай қурилишлар режалаштирилаётгани маълум қилинди

Наманган шаҳри – аҳолисининг сони миллион кишидан иборат шаҳарга айланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда маълум қилди.

Фото: namangan.uz

“Бунинг учун Юксалиш массивида 30 минг оила учун 330 та кўп қаватли уйлар, мактаб, боғча, шифохона, кичик саноат зоналари, хизмат кўрсатиш объектларини қамраб олган “Янги Наманган” шаҳарчаси бунёд этилади. Шаҳарчада 95 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” барпо қилинади. Наманган шаҳри марказида барча қулайликларга эга Халқаро ишбилармонлик маркази қурилади. 

Бундан ташқари, вилоятда келгуси беш йилда жами 16 минг хонадонли 700 та кўп қаватли уйлар қурилади. Бу – олдинги йилларга нисбатан 1,9 баробар кўп, дегани.

Наманган шаҳрида 360 та кўп қаватли уйлар ва 16 та ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик тизимини модернизация қилишга 15 миллион доллар йўналтирилади. 

Наманган шаҳридаги автомобил қатнови тирбанд бўлган 5 та кўчаларда йўл ўтказгичлар қурилади.

Келгуси беш йилда вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 63 фоиздан 85 фоизга етказилади. 

Айниқса, 250 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш ҳисобига, Наманган шаҳри, Мингбулоқ, Наманган, Поп, Чортоқ ва Чуст туманларининг 123 та маҳалласида яшовчи 360 минг нафар аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етиб боради.

Бунинг учун, 850 километр ичимлик суви ва 60 километр канализация тармоғи, 30 та сув иншооти ҳамда 3 та оқова сув иншооти барпо этилади. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида тизимли ишлар давом эттирилади.

Куни кеча шароити энг оғир бўлган 26 та маҳаллаларнинг ҳар бирига ободончилик, йўл, электр ва сув тармоқларини таъмирлаш учун, бюджетдан 3,5 миллиард сўмдан маблағ ажратилди. Келгуси йилда яна 28 та аҳволи оғир маҳаллага зарур маблағлар берилади”, деди амалдаги президент.

Top