13:54 / 29.09.2021
92009

Суперконтрактнинг минимал миқдорлари белгиланди

Бу нархлар ўтиш баллига 4,05 баллдан ортиқ етмаган, 56,7 баллдан юқори балл тўплаган абитуриентлар учун ҳисобланади. Суперконтрактни ҳисоблашда базавий контрактнинг стипендиясиз миқдори ҳисобланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати бакалавриат таълим йўналишлари бўйича табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорлари (суперконтракт) тасдиқлангани (PDF) ҳақида хабар қилди.

«Суперконтрактнинг минимал миқдорлари 2021/2022 ўқув йили қабулида бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт доирасидаги қабул параметрлари чегарасига 4,05 баллдан ортиқ етмаган, 56,7 баллдан кам бўлмаган ҳолда, қўшимча равишда ўқиш истагини билдирган абитуриентларнинг биринчи ўқув йили учун амалда белгиланган базавий тўлов-контракт миқдорларига нисбатан олинган», дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, суперконтрактларнинг минимал миқдорларини ҳисоблашда 2021/2022 ўқув йили учун амалда белгиланган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича битта талабани тўлов-контракт шаклида стипендиясиз базавий тўлов-контракт бўйича ўқитиш қиймати қўлланилиши ва коронавирус инфекциясига қарши эмланган (вакцина олган) абитуриентларга белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига 10 фоизли чегирма берилиши белгиланган.

Супер-контрактда 0,05 балл учун енгиллик берилди

Жорий йилда истисно тариқасида супер-контракт миқдорини арзонлаштирилган ҳолда тўланадиган 4 баллик чегарада 0,05 балл қўшиладиган бўлди. Яъни:

  • 1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун – базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;
  • 1,06 баллдан 2,05 баллгача — 2,0 баробари;
  • 2,06 баллдан 3,05 баллгача — 2,5 баробари;
  • 3,06 баллдан 4,05 баллгача — 3,0 баробари.
Top