19:03 / 29.09.2021
3893

Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс Ўзбекистонга келди

Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс Ўзбекистонга келди. У 2 октябргача Ўзбекистонда расмий учрашувлар ўтказиши режалаштирган.

Бугун тонгда мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев кутиб олди. Бу Эндрю Парсонснинг Ўзбекистонга илк ташрифи ҳисобланади.

2017 йилдан буён ХПҚ президенти бўлиб ишлаётган бразилиялик собиқ журналист жаноб Парсонс Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, хусусан, Темурийлар давлат музейи ва Ўзбекистон тарихи музейи билан яқиндан танишди. Ташрифнинг иккинчи кунида Халқаро паралимпия қўмитаси президенти Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов билан расмий учрашувда иштирок этиши режалаштирилган.

Шундай сўнг, Эндрю Парсонс «Янги Ўзбекистонда Паралимпия харакатини ривожлантириш» мавзусида кенгайтирилган конференцияда иштирок этади. Ташрифнинг учинчи куни – 1 октябрда жаноб Парсонс Самарқанд шаҳрида диққатга сазовор жойларида зиёрат қилиши режалаштирилган. Меҳмон 2 октябр куни Бразилияга қайтиб кетади.

 

Top