09:59 / 02.10.2021
7743

«Ҳудудгазтаъминот» табиий газ учун тўловларни онлайн тизимга ўтказмоқда

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ барча истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида, фойдаланилган табиий газ учун тўловларни онлайн тизимига ўтказмоқда. 

Акциядорлик жамияти матбуот хизматининг маълум қилишича, газ учун тўловларни уйдан чиқмаган ҳолда “Payme”, “Oson”, “Click”, “Paynet” мобил тўлов тизимлари орқали, шунингдек, жойлардаги тижорат банкларининг тўловларни қабул қилиш пунктлари ва кўплаб маҳаллаларда фаолият юритаётган “Paynet” шохобчалари орқали амалга ошириш имконияти мавжуд. 

“Шунинг учун, истеъмолчилар тўловни амалга оширишда газ таъминоти ташкилотларига бориб, қимматли вақтларини кетказишга ҳожат йўқлиги маълум қилиниб, яратилган имкониятлардан кенг фойдаланиш тавсия этилади”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, фаолият олиб бораётган шохобчалар ва мобил иловалар орқали кўрсатилган хизматлар учун тўловларни “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўз зиммасига олган бўлиб, ушбу жараён барча тўлов тизимлари билан тегишли шартномалар асосида амалга оширилмоқда. Аҳоли томонидан амалга оширилаётган тўловлар ортиқча фоизларсиз қабул қилинади.

Жорий йилнинг апрел ойида “Ҳудудгазтаъминот”да инспектор лавозими тугатилаётгани, барча кўрсаткичлар узатилиши онлайн режимга ўтказилиши маълум қилинганди.

Top