Жаҳон | 16:18 / 03.10.2021
6903
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Саакашвили Украинага қайтарилишига эришишни ваъда қилди

Грузия ИИВ / Reuters / Scanpix / LETA

Украина президенти Владимир Зеленский Грузияда қўлга олинган Михаил Саакашвилининг қайтарилишига эришишини маълум қилди.

«Мен Украина президенти сифатида Украина фуқароси қайтарилиши билан шуғулланаман <…> Жаноб Саакашвили Украина фуқароси, бу унга ҳам тааллуқли», — дея Зеленскийнинг сўзларини келтирмоқда «Интерфакс» агентлиги.

Зеленский Саакашвилининг Грузияга боргани ҳақида матбуот орқали хабар топгани ва собиқ грузин президентининг бу қароридан ҳайрон бўлгани ҳақида гапирган.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк аввалроқ «биз ўз фуқаромизни олишимиз керак» деганди. Подоляк Украина ва Грузия ташқи ишлар вазирликлари Саакашвилининг қўлга олиниши билан боғлиқ иш юзасидан маслаҳатлашув ўтказишини қўшимча қилган.

Михаил Саакашвили 2008—2013 йилларда Грузия президенти бўлган. У президентлик муддати тугашига оз қолган вақтда мамлакатдан чиқиб кетган. Шундан кейин унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, шундан иккитаси бўйича 2018 йилда суд ҳукми ҳам ўқилган.

Михаил Саакашвили саккиз йил ичида илк марта ташрифида, 1 октябрь куни Тбилисида қўлга олинганди. Унга нисбатан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича иш очилган. У мамлакатга 2 октябрь кунги маҳаллий сайловлар арафасида қайтганди. Бу сайлов якунларига кўра ҳукуматдаги «Грузия орзуси» партияси биринчи бўлди, аммо етарлича овоз тўплай олмади. Иккинчи ўринни Саакашвили асос солган «Ягона миллий ҳаракат» эгаллади. Эндиликда мамлакатдаги деярли барча шаҳарларда мэрларни сайлаш учун иккинчи тур ўтказилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид