15:30 / 04.10.2021
7722

Африка қабилалари афсонаси ERIELL Group қарамоғида

4 октябрь куни бутун дунёда Жониворларни ҳимоя қилиш куни нишонланиб, у жамоатчилик эътиборини ҳайвонот олами, жумладан йўқолиб кетиш арафасида бўлган жониворларни сақлаш муаммосига жалб қилишга қаратилган.   

Бу сайёрамиз учун муҳим бўлган кун арафасида ERIELL Group ЖАРдан келтирилган Жонни ва Женни лақабли оқ шерчаларни ўз қарамоғига олиб, Тошкент ҳайвонот боғига хайрия ёрдами кўрсатди.

«Икки нафар оқ шерча шу йил баҳорда жуда миттилигида олиб келинган эди. Уларни сут билан озиқлантириб, уларга мос келадиган егуликни жуда эҳтиёткорлик билан танлаб бердик. Ҳозирги вақтда улар тўлиқ гўштли диетага ўтди. Ташқи хавфлардан ташқари оқ шерлар бошқа кенг тарқалган турларга нисбатан турли касалликларга кўпроқ чалинади. Шунинг учун ҳам уларнинг ёввойи табиатда яшаши ўта хавфли ҳисобланади.

ERIELL Group’га жониворларимизнинг ҳаёти ва соғлигига бефарқ бўлмагани учун миннатдорлик билдирамиз. Сиз томонингиздан ўтказилган акция бутун Тошкент ҳайвонот боғи учун фойдали бўлади», - деди Тошкент ҳайвонот боғининг бош ветеринари Маҳмуд Қўзибоев.

Бир неча юз йиллар давомида оқ шер Африка қабилалари орасида тарқалган афсонадан бошқа ҳеч нарса эмас, деб ҳисобланиб келинган. Улар жуда қадимда руҳлар инсониятни дуоибад қилиб, унга даҳшатли касалликларни юборган, деб ҳисоблаган. Ўшанда бундан азият чеккан одамлар илоҳларини эслаб, уларни бу азоблардан қутқаришни сўраб илтижо қилишни бошлаган. Уларнинг оҳу нолалари фалакка етиб, ерга Оқ шер юборилган экан. Қудратли жонивор инсониятни даволаб, уларни тарк этади ва одамлар яна унинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолса, яна қайтишга ваъда беради. Африка халқлари бу гўзал афсонани ҳануз сақлаб келмоқда.

Бугунги кунда оқ шерларни Африка саванналарида учратиш мушкул. Жониворларнинг ноёб туси ёввойи табиатда уларнинг ҳаётини хавф остига қўяди, шунинг учун ҳам уларнинг бутун дунёдаги қўриқхона ва ҳайвонот боғларида кўпайиши учун қулай шароитлар яратилади.   

Тошкент ҳайвонот боғида яшовчи афсонавий шерлар энди ERIELL Group қарамоғида бўлиб, у билан ҳайвонот боғи ўртасида бир йилга мўлжалланган беғараз молиявий ёрдам тўғрисида шартнома имзоланган. Мазкур шартнома бу камёб жониворларни сақлаш учун пул маблағлари ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилди.

«Шерчалар бу ерга жуда миттилигида олиб келинди, шунинг учун ҳам ҳайвонот боғи мутахассисларининг қатъий назорати остида мослашиш давридан ўтди. Баъзида уларни эрталаб барвақт овқатлантириш учун кечаси тунаб қолишга тўғри келди. Жонни ва Женни жуда аҳил, улар бир-бирисиз яшай олмайди. Шунинг учун улар доим бирга ўйнайди, овқатланади ва дам олади», - дейди Тошкент ҳайвонот боғи ветеринария клиникаси дорихона мудираси Светлана Ибрагимова.

Ўтган дам олиш кунлари Жонни ва Женни яшайдиган вольер олдида ҳақиқий ажиотаж кузатилди. Қарамоғидаги жониворлар ҳолидан хабар олиш учун ERIELL Group ходимлари ўз фарзандлари билан ташриф буюрди. Турли ёшдаги ўғил-қизлар қизиқиш билан шерчаларнинг қувноқ ўйинини кузатди, шунингдек нима учун камёб тусга эга жониворлар ҳимоя остида эканлиги тўғрисида фикр юритди. Фикрлар тўқнашди: оқ шерлар камёб туси сабабли жуда чиройли, шунинг учун ҳам табиий шароитларда яширина олмайди. Жониворларнинг афсонавий келиб чиқиши ва ноёблиги эса уларнинг ҳимояга муҳтожлигини янада оширади. 

ERIELL Group ходимлари билан бирга шерчалар ҳолидан хабар олиш учун Компаниялар гуруҳи тимсоли ҳисобланган Super Leo корпоратив қаҳрамонлари ташриф буюрди. Уларнинг шодон ўйин-кулгиси нафақат болажонлар, балки катталарга ҳам шодлик улашди. Лео ва унинг зукко отаси эсдалик тахтасини ўрнатишга ёрдам бериб, ҳайвонот боғининг янги жониворларига узоқ ва бахтли ҳаёт тилади.  

Ҳайвонот боғида ўтказилган мазмунли кун табиат ва унинг барча жониворларини асраш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб экземплярларига ғамхўрлик қилиш нақадар муҳимлигини яна бир бор эслатди.

ERIELL Group Матбуот хизмати Ⓣ

Top