Яхшиликни ҳар ким ҳар куни қилиши керак, дейди доно халқимиз. ERIELL Group компанияси ана шунга амал қилиб, 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни арафасида Тошкент вилояти «Кичкинтой» болалар уйида хайрия акциясини ўтказди. Ушбу муассасада етти ёшгача бўлган 45 нафар болалар, жумладан бир ёшга ҳам тўлмаган гўдаклар тарбияланади. Ҳар бир бола меҳр ва эътиборга муҳтож бўлади, шу боис, ота-она парваришидан маҳрум бўлган болаларни ёлғизлатмаслик керак. Болалар уйининг асосий вазифаси бу ердаги тарбияланувчиларнинг оилавий қадриятлар ва анъаналардан хабардор бўлишини таъминлашдир.

Болаларнинг қулай шарт-шароитларда яшаб, улғайишлари учун ERIELL Group томонидан бино тўлиқ таъмирланди: яшаш шароитлари яхшиланиб, қўшимча қулайликлар яратилди. Таъмирлаш чоғида хавфсизлик масаласига, мебеллар, техника, эшик ва деразаларни алмаштиришга алоҳида эътибор қаратилди, хўжалик бинолари таъмирдан чиқди, бинонинг ташқи қиёфаси янгиланди, хоналарни безатиш ишлари амалга оширилди. Булар «Кичкинтой» болалар уйи тарбияланувчиларига катталарнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлигини ҳис қилишига ёрдам беради.

Муассаса директори Тоҳира Абдусаматовна Исмоилова 25 йилдан буён тарбияланувчиларга оналик қилиб келмоқда. Тоҳира Абдусаматовнанинг бу хизматлари алоҳида қадрланиб, у биринчи даражали «Соғлом авлод учун» ордени ва «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. «Давлатга қарашли муассасамизда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбияланади. Бу ерда меҳнат қилаётган тарбиячилар болаларнинг энг яқин ва қадрдон кишиларидир», - дейди Тоҳира Абдусаматовна. Таъмирдан чиққан болалар уйининг очилиши муносабати билан ташкил қилинган байрам тадбири тарбияланувчиларимиз учун ажойиб байрам туҳфаси бўлди.

Болажонларни табриклаш ва кайфиятларини кўтариш мақсадида севимли мултфилм қаҳрамонлари ташриф буюриб, турли ўйин-кулгулар уюштиришди. Ажойиб совғалар ҳам болажонларга байрамона совға бўлди, хусусан, ERIELL Group ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамкорлигида чоп этилган шерча Лео ҳақидаги китобча ҳам шулар жумласидандир.



















