Ўзбекистон | 09:30 / 07.10.2021
7699
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳоли сони 35 миллиондан ошди

Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 2 фоизга кўпайиб, 35 миллиондан ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Фото: Kun.uz

Қўмита маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига республиканинг доимий аҳолиси сони 35 миллион 79,2 минг кишини ташкил этмоқда.

Қайд этилишича, доимий аҳоли сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 фоизга ошган.

Маълум қилинишича, республиканинг доимий аҳолиси сўнгги 30 йил ичида 13,9 миллион кишига ошган.

Аввалроқ, Статистика қўмитаси Ўзбекистон аҳолиси 35 миллионга етганини маълум қилганди.

Қўмита маълумотларига кўра, 7 сентябр ҳолатига Ўзбекистон аҳолиси 35 миллионни ташкил қилган. Эркаклар 17 570 079, аёллар эса 17 430 079 нафарга тенг.

2021 йилнинг апрел ойида Ўзбекистон аҳолиси жорий йилда 35 миллионга етиши маълум қилинганди. Йил бошидан буён доимий аҳоли сони кунига ўртача 1,5 минг кишига кўпаймоқда (2020 йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 1,8 минг кишига ошган).

Бундан олдин, Ўзбекистоннинг қайси туманида ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани маълум бўлганди.

2020 йилда Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида жами туғилганларнинг 56,2 фоизини ўғил болалар ташкил этган. Бу республика туман ва шаҳарлари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Мавзуга оид