15:18 / 07.10.2021
2017

Қаршида янги асфальт қилинган кўча сув тортиш учун яна қазилди

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги кўчалардан бири қазилиб ичимлик суви тармоғи тортилгани, сўнг асфальт қилинган кўча сув қувурларини ўтказиш учун яна қазилгани айтилган хабарлар тарқалди. Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Қарши шаҳри, Самарқанд ва Дарвозатутак маҳаллалари кесимидаги Бешкентариқ кўчасига 31 йил деганда сув қувурлари ўтказилиб, асфальт ётқизилган. Бироқ ҳозирда мазкур кўчада асфальт ётқизилган кўчани қазиб, яна қувур ўтказиш ишлари бошланган.

Муносабатда маълум қилинишича, бугунги кунда лойиҳага асосан Қарши аҳолисини 24 соат давомида узлуксиз тоза ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида шаҳар марказида ичимлик сув қувурларини ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳага асосан ҳозирда шаҳарнинг Самарқанд маҳалласи, Бешкентариқ кўчаси бўйлаб ичимлик сув қувурлари ўтказиш ишлари давом этмоқда.

Қайд этилишича, лойиҳа смета ҳужжатларида ичимлик сув қувури ўтказилаётган ушбу кўчани қайта таъмирлаш масаласи ҳам кўзда тутилган. Ичимлик сув қувурини ўтказиш ишлари якунига етганидан сўнг лойиҳага асосан Бешкентариқ кўчасида қайта таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Top