Спорт | 16:15 / 12.10.2021
25486
14 дақиқада ўқилади

Қатарга саралаш, Европа: Илк йўлланма эгаси маълум, қолган гуруҳлардаги вазият қандай?

Жаҳон чемпионати саралашининг октябрь ойидаги ўйинлари якунланмоқда. Аммо ҳали кўпчилик мундиал йўлланмасидан узоқда.

Душанба куни Европада ЖЧ-2022 саралаши доирасида 4 гуруҳда 8-тур учрашувлари бўлиб ўтди ва мундиалга йўлланма олган илк жамоа номи маълум бўлди.

Германиянинг қасоси

 Фото: ALEX GRIMM/GETTY IMAGES

J гуруҳи
Шимолий Македония — Германия — 0:4 (Ҳаверц, 50. Вернер, 70, 73. Мусиала, 83).
Руминия — Арманистон — 1:0 (Митрицэ, 26).
Исландия — Лихтенштейн — 4:0 (Тоурдарсон, 19. А.Гюдмунссон, 35, пенальти, 79, пенальти. А.Гудионсен, 89).

Македонияликларнинг Дуйсбургдаги ғалабаси — саралаш циклининг баҳорги ўйинларидаги асосий сенсациялардан бўлганди. Ўшанда Пандев билан Евро-2020га ҳам чиққан бу жамоа фантастик даражада ўйин кўрсатганди, жамоа бу сафар усиз ҳам немисларни асабига тега олди. Фақат биринчи бўлимда. Бошқа томондан жамоага ўз мухлислари ёрдам беришди — мезбон мухлислар рақиб футболчиларнинг кўзларига лазер указкалари билан нур туширишди.

Кичик жароҳатдан кейин дарвозага қайтган Нойер эса танаффусга қадар вақт давомида жамоасини бир неча бор қутқариб қолди. Иккинчи бўлим бошида эса Ханс Флик жамоаси тўпга эгалик қилиш борасидаги катта устунликни голга айлантира олди - гол позицион ҳужумда эмас, македонияликларни қарши ҳужумда доғда қолдириш орқали урилди, бу ҳужум якунида Мюллер Ҳаверцни бўш дарвоза қаршисига чиқарди. Голдан сўнг натижа қандай бўлиши деярли аниқ эди ва Германия руҳи чўккан рақибни аямади. Термада яна аввалги формасига қайтаётган Вернер биринчи бўлимда ҳам кучли зарбаси билан дарвоза устунини пойлаганди, иккинчи бўлимда эса уч дақиқа ичида дубль расмийлаштирди, голлардан бирига яна йилдан йилга ёшараётган Мюллер ҳаммуаллифлик қилди. «Челси» ҳужумчиси ҳам терма жамоанинг сўнгги ўйинларни идеал даражада ўтказмоқда - беш ўйинда беш гол ва бир ассист.

Ўйинга якуний нуқта Жамол Мусиала томонидан қўйилди - 4:0. 18 ёшли яримҳимоячи учун бу терма жамоадаги илк гол бўлди.

Немислар 21 очко жамғарди ва ЖЧ-2022нинг турнир мезбонлари бўлмиш Қатардан кейинги иккинчи иштирокчисига айланди. Германия сўнгги икки турни расмиятчилик учун ўтказади - уйда Лихтенштейн қабул қилинади, сўнгги турда Арманистонга сафар. Флик бош мураббийликка тайинлангандан буён жамоа беш ўйинда беш ғалабага эришди, тўплар нисбати - 18:1. Сентябрда немислар Лихтенштейн (2:0), Арманистон (6:0) ва Исландияни (4:0) мағлуб этишди, октябрда эса аввал Руминия (2:1), энди эса Шимолий Македония (4:0) таслим қилинди.

Германия 1954 йилдан буён бирор марта жаҳон биринчиликларини ўтказиб юбормаган ва энди жамоа ўзининг 20-турнирига йўл олади. Бу борада фақат — Бразилияда кўпроқ.

Гуруҳдаги иккинчи ўрин учун кураш давом этади. Бу турдан кейин Македония Руминияни олдинга ўтказиб юборди. Руминларга ютқазган ва тўртинчи ўринда қолган Арманистонда ҳам охирги тургача йўлланма учун имконият сақланиб қолади — бунинг учун 9-турда македонлар мағлуб этилиши шарт.

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

11 ноябрь. Германия — Лихтенштейн, Арманистон — Шимолий Македония, Руминия — Исландия.

Депайда рекорд, Туркия Латвия комплексига барҳам берди

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

G гуруҳи
Нидерландия — Гибралтар — 6:0 (ван Дейк, 9. Депай, 21, 45+3, пенальти. Дюмфрис, 48. Гроневелд, 75. Мален, 86).
Норвегия — Черногория — 2:0 (М.Эльюнусси, 29, 90+6).
Латвия — Туркия — 1:2 (Мерих Демирал, 70, автогол — Сердар Дурсун, 75. Бурак Йилмаз, 90+9, пенальти).

Нидерландлар, кутилганидек осонлик билан 3 очкосини қўлга киритди. Имконсиз ҳолатдаги аутсайдерга қарши оддий ўйинда ҳам эътиборга молик жиҳатлар топилди. Биринчидан, ҳисобни очган ван Дейк учун бу оғир жароҳатидан кейинги илк гол бўлди. Депай эса нидерландлар жамоасида бир календар йили доирасида урилган голлар сони бўйича рекорд қайд этди. 2000 йилда Патрик Клайверт йил давомида ўртача ҳар ой учун биттадан гол урганди, Депай эса ҳали йил тугамасидан 14 бор терма жамоа рақиблари дарвозабонларини хафа қилди.

Нидерландларнинг асосий юлдузини ҳет-трик ва ўн бешинчи голдан меҳмонлар дарвозабони Банд маҳрум этди, у Депай ижросидаги иккинчи пенальтини қайтариб юборди. Гибралтардаги мактаблардан бирида ўқитувчи ёрдамчиси ҳисобланган бу шахс учун бу бутун умр ёдда қоладиган воқеага айланди.

Кўп эҳтимол билан гуруҳ ғолиблиги масаласи сўнгги турга қолади, ўшанда голландлар Ҳоландсиз ҳам юз фоизлик натижа қайд этаётган ва икки очколик фарқ билан иккинчи ўринда бораётган Норвегияни қабул қилишади. Ўз навбатида Туркия бу тўқнашувдан фойдаланиб қолиши мумкин, турклар Латвиядаги ўйинда йўлланма учун курашдан чиқиб кетиши мумкин эди, аммо ўйинга қўшиб берилган 9-дақиқадаги пенальти эвазига Штефан Кунц бошчилигидаги илк ғалабага эришилди. Янада аниқлик киритилса, бу вақтда секундомерда 98:05 ўтаётганди ва бу ҳозирги саралаш циклида энг кеч урилган гол бўлди. Қолаверса, янги мураббий туркларнинг азалий комплексини тугатди. Гап шундаки, Туркия Латвияни 1924 йилдан буён мағлуб этолмаётганди, жорий аср бошида эса Болтиқбўйи жамоаси туркларни Евро-2004 йўлланмасидан маҳрум этганди.

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

13 ноябрь. Черногория — Нидерландия, Туркия — Гибралтар, Норвегия — Латвия.

Уэльсликлар таъқиб этмоқда

Е гуруҳи
Беларус — Чехия — 0:2 (Шик, 22. Гложек, 65).
Эстония — Уэльс — 0:1 (Мур, 12).

Бельгия ЖЧ йўлланмасини нақд қилиш учун уч очко олиши кифоя (ҳозир уларда 16 очко ва захирада бир ўйин бор). Миллатлар лигасида иштирок этган Мартинес шогирдлари бу турда дам олишди.

Ўтган турда Чехия ўз майдонида Уэльс билан дуранг ўйнаб қўйгач, икки жамоа ўртасида иккинчи ўрин учун сиртқи кураш давом этмоқда. Чехия Беларусда, Уэльс Эстониядаги сафар ўйинларида ғалаба қозонди. Тўплар нисбатига кўра учинчи ўриндалигига қарамай уэльсликларнинг ҳолати захирадаги ўйин ҳисобига яхшироқ. Лекин жамоа сўнгги турни Бельгияга қарши ўтказади.

Чехларда эстонларга қарши биргина ўйин қолган ва улар биринчи ўринга чиқишдан умид узишган. Улар аввало ўз ўйинида ғалаба қозониши, кейин Уэльс Беларусь ва Бельгияга қарши ўйинларда учтадан кўп очко олмаслигига умид қилиши керак бўлади. Тўплар нисбати чехларда яхшироқ. 

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

13 ноябрь. Бельгия — Эстония, Уэльс — Беларусь.

Словакия Россияга ёрдам берди

Н гуруҳи
Хорватия — Словакия — 2:2 (Крамарич, 25. Модрич, 71 — Шранц, 20. Хараслин, 45).
Кипр — Мальта — 2:2 (Папулис, 8. Сотириу, 80 — Мускат, 53. Дегабриэли, 90+8).
Словения — Россия — 1:2 (Иличич, 40 — Дивеев, 28. Жикия, 42).

Европа чемпионатидан кейин Россия терма жамоаси бошқарувига олиб келинган Валерий Карпиннинг ўйин услуби зерикарли ва оғир деб таърифланган бўлса-да, натижа келтирмоқда. Қатар мундиали саралашида сентябрь ойида дастлаб гуруҳдаги асосий рақиб билан уйда голсиз дуранг қайд этилди, кейин Кипр (2:0), Мальта (2:0) ва Словакия (1:0) мағлуб этилди, энди эса сафарда Словения устидан ғалабага эришилиб, гуруҳдаги пешқадамлик қўлга олинди. Энди руслар камида ўтиш ўйинларида иштирок этишларини кафолатлашди. Умуман олганда, Россия Қатарга бориши учун қолган икки ўйинда (Кипр ва Хорватияга қарши) 4 очко олиши етарли бўлади.

Қозондаги мағлубиятдан кейин барча словакларни ҳисобдан чиқарганди, жумладан Хорватия ҳам. Лекин «шашкачилар» бунинг учун тарсаки ейишди. Аниқроғи — Ҳамшикнинг узатмасидан кейин Шранца бош билан йўллаган тўп дарвоза тўрига бориб тушди. Беш дақиқа ўтиб Крамарич бурчак зарбасидан кейин мувозанатни тиклади, аммо танаффус арафасида Хараслин яна меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Словаклар россияликлар дарвозасига ура олмаган голларини хорватлар дарвозасига уришди ва уларнинг омади ҳам келди, Крамаричнинг зарбаларидан бири дарвоза устунига тегди.

Иккинчи бўлимда Хорватияни қутқариб қолиш учун майдонга Влашич чиқди, аммо ҳисобни у эмас, Модрич тенглаштирди: у ўзи ишлаган жарима зарбасини «жонли девор»дан ўтказиб дарвоза тўрига жойлади. Хорватларнинг учинчи голи эса видеотакрордан кейин бекор қилинди. Сенсацион дурангдан кейин Златко Далич шогирдлари пешқадамликни бой беришди, агар гуруҳдаги ҳолат сўнгги тургача сақланиб қолса, Россияни Сплитда дуранг ўйнаш ҳам қаноатлантиради.

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

11 ноябрь. Россия — Кипр, Мальта — Хорватия, Словакия — Словения.

Бугунги ўйинлар

F гуруҳи
12 октябрь
Дания — Австрия
Фарер ороллари — Шотландия
Исроил — Молдавия.

Фото: LARS RONBOG/GETTY IMAGES

Дания ўтган турда Молдавиядан 4:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди ва ғалабали ҳамда қуруқ сериясини давом эттирди. Европа чемпионати қаҳрамонлари ЖЧ саралаш босқичида фантастик натижага эришмоқда - 7 ўйинда 7 ғалаба, тўплар нисбати - 26:0.

12 октябрь куни Данияда ҳам муддатидан олдин жаҳон чемпионатига йўлланма олиш имконияти мавжуд. Бу қуйидаги шартлардан бири амалга ошса рўй беради:

  • агар Дания Австрияда ғалаба қозонса;
  • агар Дания Австрия билан дуранг ўйнаб, Шотландия Фарер оролларини енга олмаса;
  • агар Шотландия Фарер оролларига мағлуб бўлса.

Гуруҳда иккинчи ўрин учун Шотландия (14 очко) асосий даъвогар. Ўтган турда Исроилга қарши драматик баҳсда ғалабани илиб кетган (3:2) британлар қолган турларда гуруҳ аутсайдерлари (Фарер ва Молдова) ҳамда охирги тургача гуруҳ масаласини ҳал қилиши тайин бўлган Дания билан ўйнайди. Шотландлар плей-оффга ўтиш учун уч ўйинда олти очко тўплаши керак.

Исроил (10 очко) иккинчи ўринга илиниш учун Шотландия қолган уч турда кўпи билан 5 очко тўплаши ва тўплар нисбати ёмонлашиши, исроилликлар ўз ўйинларида ғалаба қозониши керак бўлади (Молдова, Австрия, Фарер).

Австрия ҳам (10 очко) қолган уч ўйинда ғалаба қозониб, шотландларнинг муваффақиятсизлигига умид қилади. Аммо уларда тақвим мураккаброқ – Дания, Исроил, Молдова.

A гуруҳи
12 октябрь
Сербия — Озарбойжон
Португалия — Люксембург.

Фото: globallookpress.com/Stephen Dobson

Бу гуруҳда якунда ҳам топ-2да қолиш учун Сербия Озарбойжонни мағлуб этиши, Португалия Люксембургга мағлуб бўлмаслиги талаб этилади. Сербларда 14 очко, Роналду жамоадошларида 13, аммо португалларда бир захира ўйини ҳам бор.

Ноябрда бу гуруҳ ўйинлари Сербия – Португалия тўқнашуви билан ёпиб берилади, аммо ундан олдин Сантуш шогирдлари Ирландияда захира ўйинини ўтказишади (мағлуб бўлмаслик керак - шунда улар сўнгги ўйин арафасида биринчи ўринда бўлишади).

B гуруҳи
12 октябрь
Швеция — Греция
Косово — Грузия.

B гуруҳида барчаси мураккаб тус олган – Испания (13 очко) етакчилик қилмоқда, Швеция (12) – иккинчи. Аммо шведларда захира ўйини бор (Греция билан) ва улар қолган ўйинлар натижасига кўра испанларни қувиб ўтиши ҳам, грекларга иккинчи ўринни бўшатиб бериши ҳам мумкин.

Испания ноябрга қадар ҳеч нарсага таъсир кўрсата олмайди - бу турда улар дам олишади. Аммо якуний турда мухлисларни гўзал ўйин кутмоқда – Испания ва Швеция гуруҳ ғолиблиги учун майдонга чиқишади.

C гуруҳи
12 октябрь
Литва — Швейцария
Болгария — Шимолий Ирландия.

C гуруҳида Италия биринчи ўринда (14 очко), Швейцария таъқиб этмоқда (11 очко ва Литвага қарши захира ўйини билан). Италия топ-2да қолиш учун бугун Шимолий Ирландия Болгарияни енга олмаслиги етарли бўлади. Бу шарт бажарилиши Швейцарияга ҳам керак, бундан ташқари уларнинг ўзи Литвани енгиши талаб этилади. 

Бу ерда ҳам асосий масала сўнгги турда ҳал бўлади – Италия ва Швейцария Европа чемпионлари ҳудудида тўқнашади.

D гуруҳи
12 октябрь
Украина — Босния
Қозоғистон — Финландия.

Фото: Reuters

D гуруҳида ҳам вазият чигаллашган: гуруҳдан чиқиш имкониятини фақат Қозоғистон йўқотган. Франция (12 очко) каби Украина (8), Босния (6, битта ўйин захирада) ва ҳатто Финландияда (5, битта ўйин захирада) Қатарга бориш учун имконият сақланиб қолмоқда.

Бу ерда барчаси ноябрда ҳал бўлади, октябрдаги сўнгги ўйинларда Босния ва Украина иккинчи ўрин учун ким асосий даъвогар эканини аниқлаб олишади (французларга етиб олиш ҳали қийинроқ). Украинлар боснияликлар билан икки ўйин ўтказади, боснияликларда Финляндияга қарши захира ўйини бор, финнлар Қозоғистон, Босния ва Франция билан ўйнайди.

I гуруҳи
12 октябрь
Англия — Венгрия
Албания — Польша
Сан-Марино — Андорра.

I гуруҳида биратўла тўрт жамоада гуруҳдан чиқиш имконияти сақланиб қолмоқда. Англия (19 очко) сўнгги тур олдидан топ-2да бўлиш учун Венгрияни мағлуб этиши керак, бу билан улар венгрларни пойгадан чиқариб юбориши ҳам мумкин. Англияликларда олдинда Албания ва Сан-Маринога қарши ўйинлар ҳам бор.

Албания (15 очко) Польша (14) билан ўйнайди. Албанларнинг ғалабаси ва венгрларнинг Англиядан мағлубияти уларни топ-2га яқинлаштиради, кейин улар инглизларга қарши ўзаро ўйинда гуруҳ ғолиблиги учун курашиши мумкин, ахир сўнгги турда Албанияни аутсайдер Андорра кутмоқда.

Полякларда тақвим осонроқ – улар Англияга қарши икки ўйинни ҳам ўтказиб бўлишган, олдинда Албания, Андорра ва Венгрия. Уларга Албания устидан ғалаба қозонишга мажбур ҳам эмас – мағлубиятга учралса ҳам иккинчи ўрин учун имконият сақлаб қолинади. Венгрлар, ўз навбатида Англия, Албания ва Польшани мағлуб этиб, бу уч жамоадан иккитаси муваффақиятсизликка учрашини кутиши керак.

Мавзуга оид