Жаҳон | 19:15 / 15.10.2021
20825
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон энергетика инқирози кучаймоқда. Газ тақчиллигига энди нефт ҳам қўшилди

Глобал ёнилғи инқирози кундан кунга авж олмоқда. Ҳали қиш келмасдан туриб нархи беш баравар ошган табиий газ инқирозига нефт тақчиллиги ҳам қўшилди.

Фото: Dan Riedlhuber/Reuters

Газ жаҳон иқтисодиётининг ковид уйқусидан уйғонганидан сўнг талабнинг кескин ортиши ортидан қимматлади. Бунга шунингдек, яшил энергетикага ўтишдан то омборлардаги захираларнинг тугаши каби муаммолар ҳам сабаб бўлди. Газ етишмовчилигига дуч келганлар кўмир ва нефт маҳсулотларига ўтишига тўғри келди.

Натижада нефтга бўлган талаб суткасига 500 минг баррелга ошади ва 2021 йилнинг қолган ойларида жаҳон дефицити суткасига 200 минг эмас, 700 минг баррелни ташкил этади, деб огоҳлантирмоқда Халқаро энергетика агентлиги (IEA).

Бу истеъмолчилар учун ёмон хабар, чунки энергия қимматлашуви саноатнинг тикланишини секинлаштиради ва аҳолининг чўнтагига зарба беради. Натижада иқтисодиёт қўшалоқ зарбага дуч келади: ўсиш секинлашади, нархлар эса ошади.

Нефт ишлаб чиқарувчилар, жумладан, Россия учун эса хомашё тақчиллиги яхши хабар ҳисобланади. Нархлар уч йиллик рекордни янгилаб бўлди ва Brent нефтининг бир баррели нархи 85 доллардан ошди. Россия президенти Владимир Путиннинг прогнозига ишониладиган бўлса, бу ҳали чегара эмас.

Бу охирги инқироз эмас

Қазиб олинувчи ёнилғи истеъмол қилувчи мамлакатларнинг мияси бўлмиш IEA жорий ҳафтада иқтисодиётнинг қайта тикланадиган энергетикага ўтиши жараёнида дунё ҳозиргига ўхшаш яна бир энергетика инқирозини бошдан ўтказиши ҳақида огоҳлантирди. 

Бунинг сабаби шундаки, нефт қазиб олиш, кўмир ва атом электр станциялари ҳамда бошқа анъанавий энергетикага ажратилган маблағлар 2014-15 ва 2020 йиллардаги нархлар қулашидан сўнг тугаб бўлди, муқобил энергетика яратиш учун ажратилган инвестициялар эса энергияга нисбатан ўсиб бораётган талабни қондира оладиган миқдорда шамол ва қуёш фермаларини қуриш учун етарли эмас.

“IEA бу боши берк кўчадан чиқиш йўлини бир неча бор кўрсатди – соф энергетика ва инфратузилма технологияларига ажратиладиган маблағларни кескин ошириш лозим. аммо буни зудлик билан амалга ошириш керак. Акс ҳолда жаҳон энергетика бозорини турбулентлик ва хавотирли келажак кутади”, – деб огоҳлантирмоқда IEA.

Мавзуга оид