Жаҳон | 22:34 / 02.10.2024
4818
1 дақиқада ўқилади

Россиядан Ўзбекистонга нефт транзити миқдори ошди

Январ-август ойларида Россиядан Ўзбекистонга нефт транзити 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ошди.

Фото: Bloomberg

Январ-август ойларида Россия нефтининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзити 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ошди. Бу ҳақда Россия энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Павел Сорокин маълум қилди.

«2024 йилда, январдан августгача, [Россиядан Қозоғистон орқали] Ўзбекистонга нефт етказиб бериш 2023 йилдаги кўрсаткичлардан қарийб 30 фоизга ошди», деди Сорокин.

У қозоғистонлик ҳамкорларга «бу борадаги конструктив ёндашуви учун» миннатдорлик билдирди. Россия нефтининг Қозоғистон орқали Хитойга транзити ҳақида гапирар экан, Сорокин 2023 йилда Хитойга етказиб бериш ҳажми 10 миллион тоннани ташкил этганини эслатди. «Бу йил биз худди шундай кўрсаткичларга эришишни кутмоқдамиз», деди у.

2023 йилда Россиядан Ўзбекистонга нефт транзити ҳажми 154,3 минг тоннани ташкил қилгани ҳақида аввал хабар берилган эди. 2024 йил охиригача Ўзбекистонга нефт етказиб бериш ҳажмини 500 минг тоннадан ошириш режалаштирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид