Ўзбекистон | 15:37 / 15.10.2021
8457
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда автобус ҳайдовчиси йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйиб ҳаракатланди

Самарқанд | Kun.uz Telegram-каналида Самарқанд шаҳрида автобус ҳайдовчиси йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйиб қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатлангани ҳақида хабар берилганди. Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, қоидабузар ҳайдовчи топилиб, унга чора кўрилган.

Маълум қилинишича, жорий йил 14 октябр куни соат 11:30ларда Самарқанд шаҳрининг Амир Темур кўчасида Isuzu русумли йўловчи ташувчи автобус қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланган.

Қайд этилишича, автобус ҳайдовчиси қоидаларни қўпол тарзда бузиб, авария ҳолатини юзага келтирган пайтда унинг ичида йўловчилар бўлган.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан текширув ишлари олиб борилган ва автобус ҳайдовчисининг шахсига аниқлик киритилган. Текшириш давомида ҳайдовчи автобусни тегишли ҳужжатларсиз бошқариб юргани, шунингдек транспорт воситасига қўшимча овоз кучайтиргич ўрнатиб олгани аниқланган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автобус жарима майдончасига жойлаштирилган.

Мавзуга оид