16:42 / 20.10.2021
4780

“Археологик ёдгорликларни сақлаш ва муҳофаза қилиш ҳолати қониқарли эмас” – сенатор

Сенатор Бахтиёр Сайфуллаевга кўра археологик ёдгорликларни сақлаш қониқарсиз аҳволда. Хусусан, ҳимоя деворлари билан ўраб олинмагани сабабли тарихий тепаликлар йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Фото: KUN.UZ

“Сентябрь ойида қўмитамиз томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи билан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг Тошкент шаҳридаги ижросини ўрганганимизда пойтахтдаги 56 та маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари йўқлиги, 256 тасига муҳофаза белгилари, 200 тасига эса йўл кўрсаткичлари ўрнатилмагани аниқланди. Шунингдек, маданий мерос объектларига жамоатчилик инспекторлари тўлиқ бириктирилмаган.

Археологик ёдгорликларни сақлаш ва муҳофаза қилиш ҳолати қониқарли эмас. Тарихий тепаликларнинг атрофи ҳимоя деворлари билан ўраб олинмаган, тупроқлари маҳаллий аҳоли томонидан қазиб олиниб, ўз шахсий эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборилаётгани оқибатида улар йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Айрим ёдгорликлар атрофига чиқиндилар ташлаб кетилмоқда. Афсуски, бундай муаммолар нафақат Тошкент шаҳрида, балки бошқа ҳудудларда ҳам мавжуд. Давлат дастуридаги топшириқлар ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишига ҳукумат ҳамда парламент бирдек масъул эканини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Шунинг учун бу борада керак бўлса ҳудудларга биргаликда ўрганишга чиқиш ва қўмиталарнинг сайёр мажлисларини ўтказиб, реал ҳолатни муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман”, дейди Ёшлар, маданият ва спорт қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев.

Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида ҳукумат маданий мерос объектларининг ҳимоясини таъминлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилиши лозимлигига тўхталган эди.

2021 йилнинг майида VIII-IX асрларга тааллуқли Мингўрик шаҳристони ёдгорлиги ёнида Тошкент шаҳар ИИББнинг Маънавият ва маърифат маркази биноси қурилиши бошланган, Маданий мерос департаменти вакили Kun.uz’га қурилиш ишлари қонунчилик талабига зид равишда илмий-эксперт кенгашининг тегишли хулосасини олмасдан бошлаб юборилганини айтганди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов шу йилнинг 24 июнь куни Қўқонда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм вазирларининг VI йиғилишида маданий мерос объектларимизни тиклаш, реставрация қилиш, қадимий архитектурасини йўқотмаган ҳолда сақлаб қолиш, рақамлаштириш, самарали менежментни жорий қилиш ва келажак авлодга етказиш мақсадида Туркий кенгаш ҳузурида аъзо давлатларнинг маблағи асосида Маданий мерос объектларини асраш жамғармасини ташкил қилишни таклиф этганди.

Top